Европа Иттифоқи Италия, Португалия, Испания каби ташкилотга аъзо 8 мамлакатнинг келаси йил учун бюджети евро ҳудуди ягона валюта қоидаларига мос келмаслигидан огоҳлантирмоқда. 

ЕИ ижроия комиссиясига кўра, қатор мамлакатларда "бюджетга киритилиши режалаштирилган тузатишлар амалга оширилса, танқислик юз бериши мумкин".

Евро ҳудуди қоидаларига кўра, мамлакатлар ўзларининг бюджет танқислигини ЯИМнинг 3 фоизи ёки ундан паст миқдорда сақлаши талаб этилади. 

Комиссиянинг таъкидлашича, Brexit ҳамда АҚШдаги сайлов натижалари сабабли юзага келган ноаниқлар туфайли иқтисодиётнинг заифлашуви Европа мамлакатларига салбий таъсир кўрсатмоқда. 

Комиссия раҳбари Жан-Клод Юнкернинг айтишича, "бюджетини евро талабига мувофиқлаштирганлар кўпроқ сармоя киритишлари керак, бюджет танқислиги катта бўлган мамлакатлар эса молиявий ислоҳотлар ўтказиши ва белгиланган меъёрни таъминлаш чораларини кўришлари лозим".