Фаолиятини якунлаган америкалик афсонавий боксчи — кичик Флойд Мейвезер Макгрегор билан жанг қилиш учунгина рингга қайтмоқчи эмас.

У аралаш жанглар санъати вакили, шу спорт турида 2 вазн тоифасида чемпион бўлган яккакурашчи Конор Макгрегорнинг ўзи билан жанг қилиш истагига муносабатини билдириб ўтди.

"Мен филман. Нега энди Макгрегор каби бир чумоли билан жанг қилишим керак? Мен умуман, унинг жангларига эътибор қаратаганим ҳам йўқ. Агар сиз  Макгрегорни ўз спорт туридаги Мейвезер деб билсангиз, мен бунга умуман тушунмайман. Сиз уни мен билан тенглаштириб, менга ҳурматсизлик қилаётган бўласиз.  Фил жуда улкан, у чумолини пайқамай қолади", – деган Мейвезер.

Бир неча кун олдин Конор Макгрегор Эдди Альваресни енгиб, 2 вазн тоифасида UFC камарига эгалик қила бошлади.

1 йилдан буён Конор Макгрегор ва Флойд Мейвезер ўртасида бокс жанги ўтказилиши бўйича таклифлар бериб келинмоқда.

Макгрегор Альварес устидан ғалаба қозонганидан кейин фаолиятида танаффус қилишини билдирганди.

Маълумот учун, 2015 йилда фаолиятини якунлаган собиқ спортчи профессионал рингда 49 та жанг ўтказиб, барчасида (26 тасида нокаут билан) ғалаба қозонган. Шунингдек, кичик Флойд Мейвезер Атланта–1996 Олимпиадасининг бронза медали соҳиби саналади.