Франция мудофаа вазири Жан-Ив Ле Дриан яқинда Франция ҳарбий-денгиз кучлари иккинчи авиаташувчи кемага эга бўлиши кераклигини айтди. Техник жиҳатдан кемани қуришга 1980 йилда қарор қилинган. Ўшанда Франция иккита авиаташувчи кема қурмоқчи бўлган, бироқ маблағларнинг чекланганлиги фақатгина "Шарль де Голль" деб номланган битта авиаташувчи кемани қуришга имкон берган, деб хабар бермоқда bmpd.livejournal.com.

Франция янги кеманинг сув сиғимдорлиги аввалгисидан (42500 тонна) каттароқ бўлишини истамоқда. Бу қарор хавфсизлик ва кемаларни зирҳлашга талаблар ўзгаргани билан шартланган. Ҳозирча кемага ўрнатиладиган двигатель тури бўйича бир тўхтамга келинмаган: у аввалги кемадагидек атом бўладими ёки йўқми – ҳозирча номаълум.

Яна бир ҳал қилинмай қолаётган савол шундан иборатки, янги кемада буғ катапульталаридан фойдаланиш керакми ёки АҚШ армияси каби электромагнит катапульталарданми?  Электромагнит катапульталар ишлатиладиган бўлса, унда кучлироқ электрогенерация ўрнатилиши керак бўлади. Шунингдек, кеманинг нархи борасидаги масала ҳам ҳал қилинмаган. Мутахассислар кема қурилишини 4 млрд долларга баҳоламоқдалар. Франция бу нархни камайтириш учун параллел равишда қуриладиган яна битта шундай кемага харидор топишга уриниши мумкин.

"Шарль де Голль" кемаси 14 йил давомида қурилган ва унинг қурилиши 3,3 млрд долларга айланган. Кема ишга туширилгандан кейиноқ "сузувчи офат" деб ном олган, чунки у жанговар вазифаларни бажаришдан кўра кўпроқ таъмирлаш докларида турган. Кема гоҳ паррагини йўқотиб қўяр, гоҳи реактори ишдан чиқиб қолар эди, унда хизмат қилган матрослар эса авариялар туфайли мумкин бўлган радиация миқдоридан 5 карра кўпроқ дозада радиация олишган.