Германия ҳукумати 12 539 нафар муҳожирни Афғонистонга қайтариб юбормоқчи. Бу ҳақда Neue Osnabrücker Zeitung нашри Германия Ички ишлар вазирлиги тарқатган маълумотга асосланиб хабар берди.

«Сўллар» партиясининг Афғонистондаги вазият бўйича сўровига жавобан ИИВ бу мамлакатда тинч аҳоли вакиллари ҳаёти учун катта хавф мавжуд эмас деган хулоса чиқарган.

Қайд этилишича, айни вақтда ГФРда 247 минг нафар афғонистонлик муҳожир бор ва уларнинг 5 фоизга яқини ортга қайтарилади.

2016 йилда афғонистонлик 27 минг муҳожир ватанига қайтарилган. 2015 йилда бу кўрсаткич атиги 9 нафарни ташкил қилганди. Жорий йилда Германияга келган Афғонистон фуқароларининг 52,4 фоизига фуқаролик тақдим этилган, таққослаш учун 2015 йилда бу кўрсаткич 77,6 фоизга тенг бўлганди.

Октябрь ойида Европа Иттифоқи Афғонистон ҳукумати билан афғонистонликларнинг ватанига эркин қайтишини таъминлаш назарда тутилган келишув имзоланганди. Жами бўлиб 80 минг кишини уйига қайтариш режалаштилган. Брюссель бунинг учун Кобулга 4 йил давомида бир неча  миллиард евро миқдорида кўмак кўрсатади.