Хитойда «Бўйдоқлар куни»да интернет орқали 24 соат мобайнида 26,2 миллиард доллар миқдоридаги маҳсулот ва хизматлар савдосини амалга оширилди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги Хитой тижорат вазири Сунь Цзивэнга асосланиб хабар берган.

Цзивэннинг маълум қилишича, жорий йилда Хитойдаги интернет-платформаларидаги савдоларда дунёнинг 235 давлати ва минтақасидаги истеъмолчилар иштирок этди.

У бу йилги савдо ҳажми юқори бўлгани фақатгина интернет-дўконлар, балки бошқа соҳадаги корхоналар ҳисобига ҳам рўй берганини таъкидлаган.

«Бўйдоқлар куни» Хитойда 11-ойнинг 11-санасида нишонланади. Ушбу байрамда интернет-дўконлар ўз харидорлари учун маҳсулотларини арзон нархларда сотади. Маҳсулотларнинг деярли барчаси катта чегирмалар билан сотилади.

Бу йилги «Бўйдоқлар куни»да улгуржи ва чакана савдо билан шуғулланувчи компаниялар, меҳмонхоналар, ресторанлар, авиакомпаниялар ва бизнеснинг бошқа соҳалари ҳам иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, Alibaba компанияси «Бўйдоқлар куни»да илк 5 дақиқада 1 миллиард доллар ишлаб топгани маълум қилинган эди.

Шу билан бирга Alibaba «Бўйдоқлар куни»да 17,73 млрд доллар даромад қилиб, ўтган йилги рекордини (32 фоиз ўсиш) янгилади.

Бу йилги савдоларда асосан Apple, Nike, New Balance, Adidas ва Ugg каби чет эл брендлари етакчилик қилди. Бу сафар воқеага қизиқишни яна ошириш учун, компания чегирмали савдо очилишига актриса Скарлетт Йоханссон, футболчилар Дэвид Бекхэм ва Томас Мюллер, баскетболчи Коби Брайант ва One Republic рок-гуруҳини таклиф этди.