Хитойнинг "Шэньчжоу-11" космик кемаси орбитадаги ишини якунлаб, 17 ноябрда "Тяньгун-2" космик станциясидан муваффақиятли ажралди. Бу ҳақда Хитой мудофаа вазирлиги маълум қилди.   

Бундан аввал кема экипажи аъзолари – сардор Цзин Хайпэн ва унинг ҳамкасби Чэнь Дун лабораторияда зарур қурилмани йиғиб олган. Кема станциядан маҳаллий вақт билан соат 12.41да ажраган.

Орбитада 393 км баландликда бўладиган "Шэньчжоу-11"нинг қўниш модули 18 ноябрда Ерга қайтади.

Тайкунавтлар "Тяньгун-2" лабораторияси бортида 19 октябрдан бери бўлишган. Улар станцияда умумий ҳисобда 30 кун ўтказиб, хитойлик фазогирлар орасида орбитада бўлиш бўйича рекорд ўрнатишди.

Космик кема 17 октябрда Гоби чўлидаги "Цзюцюань" космодромидан учирилганди.