Тармоқ нашрларидан бири бўлган The Intercept АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги ходимларининг қайси бинода телефон мулоқотлари, интернет хабарларни ўғирлаш билан шуғулланишларини аниқлади. У Нью Йорк шаҳри марказидаги AT&T телекоммуникация компаниясига тегишли экани айтиладиган кўпқаватли, деразалардан холи, кулранг тусдаги бинодир, деб ёзади нашр. 

Журналистлар олиб борган суриштирув натижаларига кўра, Манхэттеннинг гавжум мавзеларидан бирида жойлашган бино махсус хизматлар ходимлари орасида Titanpointe деб номланади. 29 қаватли бино 1969-1974 йилларда қурилган. Унда, расман AT&T компаниясининг коммуникация маркази жойлашган.

Бироқ, The Intercept ўтказган суриштирувларга кўра, "бу осмонўпар бино шунчаки халқаро қўнғироқларни тақсимлайдиган марказ" эмас. "У МХАнинг АҚШ ҳудудидаги муҳим разведка биноларидан бири ҳисобланади. Бу ерда, телефон қўнғироқлари, факс хабарлар, интернет-маълумотларини ушлайдиган махфий кузатув маркази жойлашган", - дейилади хабарда. 

Журналистларнинг уқдиришларича, айнан ушбу бинодан "БМТ, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ҳамда АҚШнинг Германия, Япония ва Франция каби иттифоқчи мамлакатлари қатори 38 давлат нишонга олинган". Нашр ходимлари, АҚШ собиқ пудратчиси Эдвард Сноуден тақдим этган маълумотларни ўрганиш ҳамда AT&T компаниясининг собиқ ходимларига бино архитектурасига оид саволлар бериш орқали шундай хулосага келган. МХАдагилар ушбу тахминларни изоҳлашдан бош тортишган.