Тошкент шаҳрининг «Локомотив» жамоаси Олий Лиганинг 29-туридаги учрашувини ўтказишидан олдиноқ мавсум чемпиони бўлиши ойдинлашди.

Темирйўлчилар жамоасини иккинчи ўринда таъқиб этиб келаётган «Бунёдкор» жамоаси «Навбаҳор» билан учрашувда дуранг ўйнаб қўйгач, очколари сони 63тани ташкил қилмоқда ва энди қолган учрашувларда қандай натижалар қайд этилишидан қатъи назар 68та очкоси бор «Локомотив»га ета олмайди.

Шу тариқа, «Локомотив» ўз тарихидаги илк чемпионликни муддатидан олдин расмийлаштирди.

«Темирйўлчилар» 29-тур учрашувини эртага «Металлург»га қарши ўтказишади. ТТЗдаги «Локомотив» стадионида бўлиб ўтадиган баҳс 14:00да старт олади.

Учинчи ўринда эса ҳозирда Қаршининг «Насаф» жамоаси жойлашган (57 очко). 

Бугунгача бронза медаллар учун кураш олиб борган «Бухоро» жамоаси 29-турда Қашқадарёнинг «Машъал» жамоасига 0:2 ҳисобида ютқазди ва 55 очко билан тўртинчи ўринда қолди.

Ҳали 29-тур учрашувини ўтказмаган «Пахтакор» 48 очко билан бешинчи ўринда жойлашган.

Маълумот учун, бу Ўзбекистон чемпионати тарихидаги еттинчи чемпион жамоадир. Эндиликда, «Пахтакор», «Нефтчи», «Навбаҳор», «Дўстлик», МҲСК ва «Бунёдкор» жамоалари қаторига «Локомотив» ҳам қўшилди.