Лондон шаҳри ҳокими Содиқ Хон АҚШ президентлик сайловида Дональд Трамп ғалабасидан хафа бўлган барча америкаликларни Буюк Британия пойтахтига кўчиб келишни тавсия қилди, деб ёзмоқда Evening Standard.

Хабарларга кўра, Трамп ғалабасидан сўнгра кўп сонли америкаликлар Канадага кўчиб кетишни хоҳлаётгани тўғрисидаги хабарлар Хоннинг таклифига сабаб бўлган. 

«Миллионлаб одамлар, эшитишимча, сешанба кунги сайловлардан кейин Google қидирувидан фойдаланишган. Бизнинг билишимизча, кунига бу хизматдан миллионлаб одамлар фойдаланмоқда. «Қандай кўчиш мумкин» деган ибора энг кўп қидирилганидан хабарим бор. Агар АҚШда истиқомат қилаётган иқтидорли кишилар Лондонга келишни хоҳлашса, менинг уларга айтадиган гапим битта— Лондон очиқ»,— деган Содиқ Хон.