Microsoft Connect онлайн-анжуманида Microsoft компанияси Linux операцион тизими яратувчиларининг нотижорат консорциуми – The Linux Foundation’нинг имтиёзли, яъни "платинали" аъзоси мақомини олгани эълон қилинди. Бу ҳақда Ars Technica маълум қилди.

Linux Foundation’нинг бошқа "платинали" ҳамкорлари орасида Cisco, Hewlett-Packard Enterprise, Huawei, IBM, Intel, Samsung ва бошқа компаниялар бор. Бу мақомни олиш учун очиқ кодга эга Linux операцион тизимини қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили 500 минг доллардан кам бўлмаган маблағ хайрия қилиш керак.

Консорциумнинг таъкидлашича, Microsoft унинг бир қатор лойиҳалари: Node.js Foundation, OpenDaylight, Open Container Initiative, R Consortium ва Open API Initiative’да иштирок этмоқда.

Linux Foundation 2007 йилда дастурчиларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлашни таъминлаш ва платформаларни стандартлаштиришда ёрдам бериш соҳасида Linux-ҳамжамиятни ривожлантириш мақсадида яратилган.