Россиянинг Оренбург вилояти суди Қозоғистон фуқароси, 27 ёшли Руслан Максатовни икки кишини ўлдиргани учун жазолади, деб маълум қилинди вилоят тергов бошқармасида.

Жиноий иш материалларига кўра, 2015 йил январь ва мартида Максатов Оренбургда валюта бизнеси билан шуғулланувчи икки кишини ғаразли ниятда ўлдирган. Тергов бошқармасида маълум қилинишича, иккала қурбон ҳам жиноятчи ҳаракатланган автомобиль ичида жароҳат етказувчи тўппончадан отиб ўлдирилган.

Таъкидланишича, Максатов иккинчи қотилликни ўзининг юртдоши билан амалга оширган. Иккинчи жиноятчи айни вақтда қидирувга берилган. Бундан ташқари, қурбонлардан 5 млн рублдан кўпроқ маблағ ўғирланган. 

Терговчиларнинг қўшимча қилишларича, икки жиноятчи қотилликни амалга оширгандан кейин дарҳол Қозоғистонга жўнаб кетган. Максатов шу йилнинг июнида Россияга қайтиб келганда қўлга олинган.

"Суд ҳукми билан Максатов 23 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Қурбонлар оилаларига тўланадиган маънавий зарарнинг умумий миқдори 6 млн 300 минг рублни ташкил қилди", деб айтилмоқда хабарда.

Вилоят прокуратураси маълумотларига кўра, жиноятчи Россияда автомобиллар сотиб олиш билан шуғулланган ва қурбонлар билан таниш бўлган.