Теҳрон провинцияси атроф-муҳит ҳимояси бошқармаси пойтахтдаги барча мактаблар, институтлар, шунингдек, болалар боғчаларини ҳавонинг ифлослангани сабаб ёпилишини маълум қилди. Фақат шаҳар четидаги Дамаванд, Фирузкух ва Пардис шаҳарлари бундан мустасно. Бу ҳақда бошқарманинг бош директори Носир Меҳрдодийнинг маълумотига асосланиб, IRNА агентлиги маълум қилмоқда.

Мамлакат пойтахтида учинчи кундир-ки, атмосфера билан боғлиқ мураккаб ҳолат сабаб умумтаълим ўрта мактаблари ёпиқлигича турибди. Агентлик маълумотига кўра, Теҳронда жорий йилнинг 22 октябридан то бугунги кунга қадар экологик муаммолар сабаб 412 киши ҳалок бўлган.
Меҳрдодийнинг сўзларига кўра, экологик ҳолатлар муракааб бўлган туманларда ўша ерда рўйхатдан ўтган автомобилларгина ҳаракатлана олиши мумкин.