Туркияда суриялик тадбиркорлар томонидан таъсис этилган компаниялар сони тобора кўпаймоқда, деб айтди Яшар университети амалий бошқарув департаменти ходими Чагри Булут.

Булутнинг айтишича, айни вақтда Туркияда бундай компаниялар сони хорижий капиталга эга барча фирмалар умумий сонидан 10 фоизини ташкил қилмоқда. 

Сурияликлар 2011 йилдан бери Туркияда 4936 та компанияни рўйхатдан ўтказишган. Булутнинг таъкидлашича, уларнинг Туркия иқтисодиётига киритган инвестициялари миқдори 700 млн турк лирасидан ошиб кетган.

Булутнинг маълум қилишича, жорий йилнинг 9 ойининг ўзида сурияликлар Туркияда 1371 та компанияни рўйхатдан ўтказишган.

Сурияликлар бизнес билан шуғулланиш учун Туркиянинг Истанбул, Газиантеп, Мерсин, Хатай ва Бурса каби саноат ва савдо марказларини афзал кўрадилар. Улар қурилиш, кўчмас мулк, улгуржи ва чакана савдо соҳаларида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадилар.

Туркия 2 млн дан кўпроқ сурияликни ўз ҳудудига қабул қилган. Туркия Сурия ва Ироқдан келган қочқинларни қабул қилиш ва уларни таъминлаш учун 10 млрд долларга яқин маблағ сарфлаган.