1991 йил 18 ноябрь куни Биринчи Президентимиз ташаббуси ва раҳнамолигида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Шу кундан эътиборан миллий байроғимиз давлатимиз суверенитети рамзига, истиқлолимиз ва истиқболимиз тимсолига айланди, деб ёзмоқда ЎзА.

…Ватан ҳимояси учун ҳарбий хизматга чақирилган ўғлонларимизнинг ҳарбий қасамёд маросимини кузатганмисиз? Ғалабаси шарафига мадҳия садолари остида баландга кўтарилаётган байроғимизга боқиб, кўзларига ёш олган спортчиларимизни-чи? Мактабга илк бор қадам қўяётган жажжи болажонларнинг байроқчани ҳилпиратиб, севинчдан орзиқишини-чи? Бундай паллаларда қалб туғёнга келиб, шу юрт, шу муқаддас замин фарзанди эканингдан тўлқинланиб кетади одам. Айниқса, Ватанимиз байроғи дунёнинг энг юксак минбарларида мағрур ҳилпираётганини кўрган лаҳзаларда Ватан учун, унинг тинчлиги, истиқболи учун қурбон бўлишга ҳам тайёрлигингни ҳис қиласан.

1992 йил 2 март куни Ўзбекистон мустақил давлат сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлиб, байроғимиз унинг пештоқида ҳилпирай бошлаган кун барча ватандошларимиз кўнглида ана шундай туйғулар тўлиб-тошди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов БМТ минбарида мустақил Ўзбекистон давлат байроғи остида нутқ сўзлаган шарафли дамларда ҳам шу ҳисни туйганмиз.
Энг нуфузли спорт мусобақалари – Олимпия ўйинларида юртдошларимиз ғалабаси шаънига байроғимиз сарбаланд бўлган кунларни эсласак, ҳаяжонга тушамиз.
2016 йил Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида ҳам бот-бот мадҳиямиз янграб, байроғимиз кўтарилди – кўксимиз чексиз фахр-ифтихорга, ғурурга тўлди. Ўша лаҳзаларда боғу хиёбонлар давлатимиз байроғини мағрур ҳилпиратган ёшларга, кўчалар Ўзбекистон байроғи қўйилган машиналарга тўлди...

Буларнинг барчаси давлатимиз байроғи юртдошларимиз қалбида ватанпарварлик туйғуларини кучайтириш, халқаро миқёсда мамлакатимиз обрў-эътиборини мустаҳкамлашда муҳим восита бўлиб хизмат қилаётганидан далолатдир.

2010 йили пойтахтимизда барпо этилган “Ватанга қасамёд”  бадиий мажмуасида тасвирланган ўғлон байроғимизни кўзига тўтиё қилиб, Ватан ҳимояси учун, ота-боболаримиз хоки ётган қутлуғ заминнинг ҳар қарич тупроғини асраш учун тайёрман, деб тиз чўкиб қасамёд қилмоқда. Бу муқаддас байроқнинг инсонга берадиган чексиз маънавий қуввати, енгилмас руҳи нишонасидир.

Давлатимиз байроғига ҳурмат “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонунни пухта ўрганиш ва унга тўла амал қилишимизда ҳам намоён бўлади. Миллий тимсолимизни тасвирлаш ва ўрнатишда белгиланган рангли-схематик тартибларга риоя этишимиз, унинг мамлакатимиз фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистонда яшайдиган бошқа шахслар томонидан ҳурмат қилинишига эришишимиз чин инсоний бурчимиздир.

Давлатимиз байроғидаги ҳар бир ранг, ҳар бир белги чуқур маъно-мазмунга эга. Улар миллий давлатчилигимиз тарихидаги қудратли давлатлар туғларидаги эзгу ифодаларни, айни пайтда юртимизнинг табиий, миллий ва маънавий хусусиятларини ўзида мужассам этади.

Мовий ранг – мусаффо осмон ва обиҳаёт рамзи бўлиб, яхшиликни, донишмандлик, ҳалоллик, шон-шуҳрат ва садоқат, оқ ранг – тинчлик, поклик, беғуборлик, софлик, эзгу орзу ва умидлар тимсолидир. Табиатнинг янгиланиши рамзи яшил рангда акс этган бўлиб, у навқиронлик, умид ва шодумонликдан нишона. Қизил чизиқлар – ҳар бир тирик вужудда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини ифодалайди.

Давлатимиз байроғи Ўзбекистон Республикаси расмий делегацияларининг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, давлатимизнинг чет эллардаги элчихоналари ва халқаро ташкилотлардаги ваколатхоналарида, халқаро миқёсдаги нуфузли анжуман ва конференциялар, спорт мусобақаларида баланд кўтарилмоқда. Бу азиз тимсол давлат идоралари, таълим муассасаларида юртимиздаги тинчлик-фаровонликнинг рамзи сифатида мағрур ҳилпираб турибди.

Мамлакатимиз билан Ҳамкорлик ўрнатган барча давлатлар Ўзбекистон Республикаси давлат байроғига, унинг тимсолида давлатимиз суверенитетига, халқимиз озодлигига бўлган ҳурмат-эҳтиромини ифода этади. Мамлакатимизнинг чет эллардаги элчихоналари, халқаро ташкилотлардаги ваколатхоналарида мустақил Ўзбекистоннинг давлат байроғи қўйилган.
Бизни ягона давлат, бир халқ сифатида бирлаштириб турган байроғимиз остида улуғ мақсадлар, буюк келажак сари дадил бораверамиз.