Беларусь президенти Александр Лукашенко Минскдаги жомеъ масжидининг очилиши маросимида барча динларга бирдек ҳурмат билан қараши рамзи сифатида Қуръони каримни ўпганини маълум қилган. Бу ҳақда "Интерфакс" ахборот агентлиги хабар бермоқда.  

"Менга Қуръонни ўпганим учун танқид қилинаётганимни маълум қилишди. Биз Эрдўған билан масжид очилишида бўлдик. Унга Қуръон совға қилишганда, у Қуръонни ўпди. Менга ҳам худди шундай Қуръон беришганда нима қилишим керак эди? Мен ҳам Эрдўғаннинг ишини такрорладим ", деб айтмоқда Лукашенко.

Лукашенконинг айтишича, Беларусда мусулмон, католик ва православлар орасида ҳавас қилса арзигудек муносабатлар ўрнатилган, мамлакат қонунчилигида эса барча дин вакиллари учун бирдек ҳуқуқлар кўзда тутилган.

"Мен президентман ва менинг давлатимда кўп минглаб мусулмонлар яшайди. Мен улар учун ҳам президентман. Ва улар ҳеч қачон ҳеч қандай муаммолар яратмаганлар", деб қўшимча қилди Лукашенко.