Америкалик тадбиркор аёл ва АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трампнинг қизи Иванка отасининг Япония бош вазири Синдзо Абэ билан мулоқотида қатнашди. Бу ҳақда Politico нашри учрашувдан олинган суратга таянган ҳолда ёзмоқда. 

Нашрга кўра, бу ҳолат Трампнинг ўз бизнеси ва президентлик вазифаларини қай тарзда тақсимлаши борасида фикр юритишга ундайди. Дональд Трамп бизнеси бошқарувини фарзандлари ихтиёрига топширишни режалаштирган эди, аммо ҳозирча, ҳеч қандай амалий чора кўрганича йўқ. 

Иванка Трампнинг сиёсат нуқтаи назаридан муҳим бўлган учрашувда пайдо бўлиши, деб ёзади Politico, манфаатлар тўқнашуви хусусидаги саволни яна кун тартибига чиқаради. 

Дональд Трамп ва Синдзо Абэ ўртасидаги учрашув бир ярим соат давом этгани аввал хабар қилинган эди.