Терма жамоалар иштирокидаги ўйинлар ниҳоясига етгач, бу ҳафтадан бошлаб Европада яна миллий чемпионат ўйинлари давом эттирилади. Кучли бешликда бир қатор муҳим учрашувлар бўлиб ўтади. «Трибуна.uz» нашри Уик-эндда мухлисларни зериктирмайдиган ўйинлари учун анонс тақдим этди.

АПЛ. 12-тур «Манчестер Юнайтед» - Арсенал (19 ноябрь, 17:30. UzReport, Матч! Футбол 1)

Яна Моуриньо-Венгер тўқнашуви. Яна азалий рақиблар баҳси. Англия чемпионатлари тарихида энг азалий тўқнашувлардан бири бўлган ушбу учрашув бу йилга келиб яна бир жиҳати билан интриганинг ошишига сабаб бўлди. Моуриньо. Англияда ишлаган вақтида ҳар доим Арсен Венгер билан доим кескин муносабатда бўлиб келган португалиялик мутахассис учун учрашув янада принципиал аҳамият касб этиши шубҳасиз.

«Арсенал» АПЛда августда «Ливерпуль» билан ўйиндан (3:4) буён мағлубият нималигини билмай келмоқда. Ўша кундан бошлаб бугунги кунга қадар жамоа барча мусобақаларда 16 учрашувдан иборат мағлубиятсиз серияга эга бўлди. 11 турдан кейин Венгер шогирдлари 24 очко тўплаган ҳолда «Манчестер Сити» билан 3-4 ўринларни бўлиб туришибди. Моуриньо жамоасида эса аҳвол у қадар яхши эмас. Сўнгги турда «Суонси» устидан қозонилган ғалаба натижасида бироз ўзини ўнглаб олди. «Қизил иблислар» 18 очко тўплаган ҳолда «Эвертон» билан 6-7 ўринларни бўлишиб турибди. Чемпионатнинг дастлабки қисмиданоқ жамоа пешқадамдан 9 очко ортда қолмоқда. Мавсум бошида амалга оширилган мега харидларни инобатга олсак, жуда ёмон кўрсаткич. Аммо бир жиҳат бу ўйинда барибир мезбонлар фаворит эканини кўрсатади. Шу пайтга қадар иккала жамоа бош мураббийлари иштирокидаги ўзаро тўқнашувида Арсен Венгер бирор марта ҳам ғалаба қозона олмаган – 11 учрашувда 6 ғалаба, 5 дуранг Маур ҳисобида. Ҳаттоки, ўтган йилдаги ўта муваффақиятсиз ўйнаган «Челси» билан ҳам Моуриньо Венгердан устун келган.

Йўқотишлар. «Манчестер Юнайтед» сафида анчадан буён жароҳати сабаб кўриниш бермаётган Антонио Валенсия, Эрик Байилар бу учрашувда ҳам майдонга туша олишмайди. Шунингдек Маруан Феллайнининг ҳам терма жамоа учрашувлари пайтида жароҳати борлиги сабаб майдонга тушмагани бу ўйинда ҳам унинг иштирокини сўроқ остида қолдиради. Рунида ҳам вазият бироз чигалроқ. Терма жамоада юзага келган можароли вазиятдан кейин унинг қанчалик ўзига келиб олгани ноъмалум бўлиб қолмоқда. Бироқ жамоанинг энг катта йўқотиши булар эмас. «Суонси» билан ўйинда огоҳлантирилган Златан Ибраҳимович сариқ карточкалар сони ошиб кетгани учун бу учрашувда майдонга туша олмайди. «Арсенал» сафида эса эски жароҳат бўйича Санти Касорла ва ўтган ҳафтада оёғини шикастлаб олган Эктор Бельеринлар ўйинни ўтказиб юборади. Шунингдек Жанубий Америкадан кечроқ қайтган Алексис Санчеснинг жисмоний ҳолати қандай бўлиши ҳам сўроқ остида қолмоқда.

 

Ла-лига 12-тур. Атлетико - Реал Мадрид (20 ноябрга ўтар кечаси, 00:45)

Диего Симеоне «Атлетико» бошқарувини қўлга олганидан буён Мадрид дербиси янада эътиборли учрашувлардан бирига айланди. Камтаргина жамоани Европанинг грандлари қаторига олиб чиққан аргентиналик мураббий ЕЧЛ финалида учралган мағлубиятдан кейин илк марта Зидан жамоасига қарши тўқнаш келади

Бу мавсумда бироз бошқачароқ ўйин услубида (Симеоне шогирдларининг тўпни назорат қилиш ва ҳужум қилиш кўрсаткичи ўтган йилларга нисбатан сезиларли даражада ўсган) ҳаракат қилаётган «Атлетико» дастлабки бир неча муҳим очколарни бой берди. Ўтган турда мадридликлар «Реал Сосьедад» меҳмони бўлиб (0:2), имкониятни бой берганди. 11 турдан кейин «матрасчилар» ҳисобида очколар сони 21тани ташкил қилмоқда ва жамоа «Севилья» билан 4-5 ўринларни бўлишиб турибди. Зидан шогирдларида эса вазият умуман бошқача. Жамоа чемпионат бошланганидан буён мағлубият нималигини билмай келмоқда. 11 учрашувда 27 очко тўплаган «қаймоқранглилар» асосий таъқибчиси «Барселона»ни 2 очкога ортда қолдириб пешқадамлик қилмоқда.

Йўқотишлар. «Реал» Мадрид дербиси олдидан жуда кўп футболчилардан жароҳат сабаб фойдалана олмайди. Тони Кроос, Каземиро, Карим Бенземалар қаторига ўтган ҳафтада терма жамоа ўйинида шикастланган Алваро Мората ҳам қўшилди. Натижада «Реал» муҳим ўйин олдидан асосий таркибдаги марказий ҳужумчиларсиз қолди. Аммо энг катта йўқотиш сифатида жамоа сардори Серхио Рамосни кўрсатиш мумкин. Жароҳатидан фориғ бўлганига қарамай Рамоснинг майдонга тушиш катта сўроқ остида қолмоқда. «Атлетико»да эса деярли барча асосий таркиб футболчилари учрашувда иштирок этишга тайёр ҳолатда. Аугусто Фернандес ва Николас Гайтанларнинг асосий таркибда муқим ўрин олмаганини ҳисобга олсак, уларнинг майдонга тушмаслиги сезиларли бўлмаслиги табиий. Фақатгина бутунлай бошқа соат минтақаси саналган Жанубий Америкадан етиб келган футболчиларнинг ҳолати бўйича саволлар мавжуд.

 

Бундеслига. 11-тур.  «Боруссия Д» - «Бавария» (19 ноябрь, 22:30, Матч! Футбол 3)

Немисчасига айтганда Der Klassiker мунтазам равишда мухлислар қизиқишига сабаб бўлиб келган, «Боруссия»нинг муваффақиятсиз йилларида ҳам, чемпионлик курашига қўшилган пайтларида ҳам.

Жорий мавсумда иккала жамоа ҳам ўтган мавсум билан солиштирганда унчалик ишончли ўйин кўрсатмаяпти. Камида қайд этилаётган натижа борасида. «Бавария» чемпионатда пешқадамлик қилаётган бўлиши мумкин (жамоа ҳисобида 10та учрашувда 24 очко мавжуд). Бироқ йўқотилган очколарга эътибор берсак, Гвардиоланинг «Бавария»сига қараганда, Анчелотти жамоасининг бироз паст кўрсаткич қайд этаётганини кўришимиз мумкин. Албатта италиялик мураббийнинг бу биринчи мавсуми эканини ҳам ҳисобга олиш лозим. Одатда Анчелотти янги жамоа қуришда эҳтиёткорлик ва шошмасликка ҳаракат қилади. Томас Тухел шогирдлари эса мавсумни бир текисда ўтказа олмаяпти. Жуда кўплаб ёш ва янги футболчилар билан янги жамоа қураётган дортмундликлар 10та учрашувда 18 очко тўплаб 5-ўринда бормоқда. Пулишич-Обамеянг-Дембеле учлиги баҳорга келиб тўлиқ спорт формасига кириб олса, рақибларга қийин бўлиши мумкин. Ҳозирча эса жамоа барқарор футбол кўрсата олмаяпти.

Йўқотишлар. Соғ пайтидан кўра, жароҳатда кўп вақтини ўтказаётган Марко Ройс ўйинга қадар тўлиқ машғулотларга қайтди. Бироқ унинг жисмоний ҳолати учрашувда майдонга тушишини суроқ остида қолдирмоқда. «Бавария»да эса Риберининг йўқлиги анча вақтдан буён деярли сезилмаяпти. Бу учрашувда ҳам сезилмаса керак.

 

А серия. 13-тур. «Милан» - «Интер» (21 ноябрга ўтар кечаси, 00:45, Матч! Футбол 2)

Италия чемпионати тарихидаги энг машҳур дерби сўнгги йилларда ўз савиясини бироз йўқотиб қўйгандек. Бироқ ном жиҳатдан бу дерби ҳамон катта қизиқишга сабаб бўлиб келмоқда.

Бу мавсумда Винченцо Монтелла мураббийлигидаги «россонерлар» нисбатан яхши иштирок этишмоқда. 12 турдан кейин «Милан» ҳисобида 25 очко мавжуд ва жамоа Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи 3-ўринда бормоқда. «Интер»да эса вазият бошқачароқ клуб икки ой ичида иккита маротаба мураббий алмаштирди. Мавсумни муваффақитясиз бошлаган Франк Де Бур истеъфога чиқарилиб Стефано Пиоли бош мураббий этиб тайинланди. Пиолининг дебют учрашуви айнан дербига тўғри келмоқда.

Йўқотишлар. «Интер» таркибида Эвер Банега Габриел Барбоза ва Антонио Кандреванинг майдонга тушиши сўроқ остида қолмоқда. Бундай муаммо эса «Милан»да мавжуд эмас. Доннарума, Локателли каби ёш футболчиларнинг ажойиб ўйинлари жамоанинг муваффақиятларига катта ҳисса қўшмоқда

 

Бонус
Бундеслига. 11-тур. Байер - РБ Лейпциг (Бугун. 00:30. Матч! Футбол 3)

Германия чемпионатидаги дебют мавсумидаёқ шов-шув кўтарган «Ред Булл Лейпциг» бугун «Байер» меҳмони бўлади. «Бавария» марказий учрашувда очко йўқотиши эҳтимоли юқори бўлиб турибди. Агар лейпцигликлар бугунги учрашувда ғалаба қозонса, ҳаттоки пешқадам бўлиб олиш имкониятига эга бўлиб турибди.