МТС гуруҳининг (Россия, Украина, Арманистон, Туркманистон ва Белоруссияда ўз компанияларига эга) 2016 йил III чорагидаги даромади ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 фоизга пасайиб, 112,2 млрд рублни ташкил этган. Таъкидланишича, унинг даромадининг пасайиши 2011 йилдан бери илк маротаба қайд этилмоқда. 

Бунда, МТС-Россия даромади 0,8 фоизга пасайиб, 103,1 млрд рублн ҳосил қилган. Компаниянинг мобиль хизматларни таклиф қилишидан кўрган даромади 2,7 фоизга тушган. Аммо, компаниянинг учинчи чорак бўйича мижозлари сони 2,7 фоизга ўсиб, 79 млн кишига етган. 

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги қўшма корхона таркибидан чиқиши ҳам компаниянинг молиявий кўрсаткичига салбий таъсир этган. 

Компаниянинг жорий йил 9 ойидаги пул тушуми 2,8 фоизга ўсиб, 324,1 млрд рублни ташкил этган. МТСнинг шу муддатдаги соф даромади 14,7 фоизга қисқарган ва 36,1 млрд рублни ташкил этгани хабар қилинмоқда. III чоракдаги соф фойда йиллик кўринишда 12,8 фоизга пасайган ва 12,6 млрд рублдан иборат бўлган.