4 декабрда бўлиб ўтадиган Президент сайлови муносабати билан Ўзбекистон ХДПдан кўрсатилган номзод ва унинг жойлардаги ишончли вакиллари томонидан сайловчилар билан учрашувлар қизғин паллага кирди. 

Жумладан, бугунги кунга қадар Хатамжон Кетмонов 11 марта учрашув ўтказди. Уларда 30 мингга яқин сайловчи иштирок этди. Номзоднинг ишончли вакиллари томонидан эса 30дан ортиқ учрашув ташкил қилиниб, уларда 5 мингга яқин сайловчи қамраб олинди.

Ўтказилаётган учрашувлар штаблар томонидан мунтазам таҳлил қилиб борилмоқда. Хусусан, ҳар бир минтақада бўлиб ўтган учрашувдаги маърузаларнинг сайловчилар томонидан энг кўп мухокама қилинаётган қисмлари умумлаширилмоқда.

Фото:ndp.uz

Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашув.

- Кўриниб турибдики, бизнинг энг асосий ғоямиз – аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
Бу мақсадни самарали амалга ошириш учун қатор ижтимоий-иқтисодий масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблаймиз. 

Жумладан, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш, турмуш даражасини яхшилашнинг энг муҳим шарти бу – уларнинг бандлигини таъминлашдир. Бунинг учун аввало, меҳнатга лаёқатли кишиларнинг муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринларига эга бўлишини, фуқароларнинг шахсий ташаббускорлиги ва ишбилармонлигини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш зарур, деб биламиз.
Мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшларга уларнинг ижтимоий келиб чиқишидан қатьий назар, касб танлаш, таълим олиш ва ўқув муассасаларини битиргач, иш ўрнига эга бўлишлари учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитларни яратишга энг муҳим масала сифатида қараймиз.

Ижтимоий ҳимоя борасида пенсионерлар, ногиронлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва аҳолининг меҳнатга лаёқатсиз бошқа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжлари тўлиқ қондирилишини кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизимини шакллантириш билан боғлиқ масалаларни қамраб олувчи кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш лозим, деб ҳисоблаймиз. Шунингдек, ижтимоий ва коммунал хизматларнинг сифатлилигини ва аҳолининг қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари учун мақбуллигини таъминлаш тарафдоримиз.

***
Андижон вилояти сайловчилари билан учрашув.

Биз, ижтимоий йўналтирилган вазифаларни самарали амалга ошириш ва уларга эришиш мақсадида бир қатор устувор йўналишларни белгилаб олганмиз. Рухсатларингиз билан, эътиборингизни уларнинг мазмун-моҳиятига қаратсам: 

Биринчидан, аҳоли бандлигини таъминлаш тизимини замонавий усулларни жорий қилиш орқали доимий такомиллаштириб бориш зарур.

Бунинг учун энг аввало, ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга ошириш давомида барқарор иш ўринларини яратиш кўрсаткичлари мазкур дастурларнинг муҳим мезонларидан бири бўлишига эришиш керак.

Айниқса, ишчи кучи четга чиқиб кетишининг олдини олиш, бунинг учун ҳар йили қабул қилинадиган иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Давлат дастури ижросида янгича ёндашувларга ўтиш зарур. Бунда меҳнат бозоридаги талаб-таклифни тўлиқ ўрганиш, ҳисобга олиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини тузишда жорий ва истиқболдаги ривожланиш йўналишларини тўғри ва аниқ белгилаш муҳим масаладир.

Шунингдек, муносиб иш ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринларини таклиф этаётган, биринчи навбатда заминимиздаги бой минерал хомашё ресурслари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни таъминловчи юқори технологик тармоқ корхоналари, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида фаолият юритаётган корхона ва ташкилотларда меҳнатга лаёқатли аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш, ушбу соҳаларга мамлакатда мавжуд бўлган бўш меҳнат ресурсларини фаол жалб этиш лозим.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ўзини ўзи мустақил иш билан таъминлаш ҳамда якка тартибдаги меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш учун мақбул шароитлар яратиш мақсадида имтиёзли микрокредитлар ажратиш амалиётини кенгайтириш, ўз бизнесини очишда белгиланган йиғимлардан, фаолиятини тўлиқ йўлга қўйгунга қадар солиқлардан озод қилиш муддатини узайтириш масаласини таклиф этамиз.

Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашув.

Иқтисодий сиёсатдаги асосий устувор вазифаларимиз, бу – давлатимизнинг молиявий-иқтисодий қудратини оширишни кучли ижтимоий сиёсат билан уйғунлаштириш орқали аҳолининг, хусусан, унинг эҳтиёжманд қатламларининг турмуш даражасини янада яхшилашга йўналтиришдан иборатдир.

Бу борада партиямиз, аҳолининг харид қобилиятини ошириш ички талабнинг ортишига хизмат қилади, деб ҳисоблайди. Бу эса иқтисодий тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи ва иқтисодиётнинг реал сектори ўсиш суръатларини изчил ошириб боришнинг мустаҳкам асосидир.

Биз иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда бюджет маблағлари, айниқса, ижтимоий соҳага йўналтириладиган маблағларнинг мақсадли равишда сарфланиши устидан қатъий назоратни кучайтириш, давлатнинг ўсиб бораётган иқтисодий имкониятларидан аҳолининг барча қатламлари, энг аввало, кам таъминланган қатламининг турмуш даражасини яхшилашда фойдаланиш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Шунингдек, замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиш асосида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ишлаб чиқарилаётган товарлар ва хизматлар сифатини ошириш, таннархини пасайтириш, ҳамда уларнинг экспорт имкониятларини кенгайтирувчи ва аҳолининг харид қобилиятини оширишга хизмат қилувчи рақобат муҳитини шакллантириш масалаларига эътиборни кучайтириш лозим.

Тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилиш орқали замонавий техника ва технологияларга асосланган ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, турли маҳсулот етказувчиларга ўзаро эркин рақобатлашишига имкон берадиган очиқ ва ошкора электрон савдолар йўналишини кенгайтириш орқали давлат харидларини амалга ошириш тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш ниҳоятда муҳимдир.

Бундан ташқари, тижорат банкларининг инвестициявий лойиҳаларни молиялаштиришдаги иштирокини янада кенгайтириш, хўжалик юритувчи субъектларни кредитлаш тизимини соддалаштириш, макроиқтисодий вазиятдан келиб чиқиб, фоиз ставкаларини минимал даражада белгилаш, муаммоли қарзлар юзага келишига йўл қўймаслик ва банк хизматлари сифатини яхшилаш орқали уларнинг инвестициявий фаоллигини кучайтириш ҳам иқтисодий ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

***
Қорақалпоғистон Республикаси сайловчилари билан учрашув.

Аҳолига юқори сифатли таълим олиш ва мақбул тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масаласи ҳам доимо диққат марказимиздадир. 
Шундан келиб чиққан ҳолда таълим соҳасида, аввало, жамиятнинг барча қатламларига эркин ва тенг таълим олиш имкониятларини яратиш мақсадида, минтақалардаги демографик ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, мактабгача, ўрта, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларини олдиндан барпо этиш амалиётини янада ривожлантириш лозим, деб ҳисоблаймиз. 

Шу билан бирга, бепул ва имтиёзли тўловлар асосида фаолият кўрсатадиган давлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, коллежлар ва академик лицейларни ўқув адабиётлари билан тўлиқ таъминлаш чораларини кўриш, корхона ва ташкилотларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб техник ва технологик мутахассисликлар бўйича олий ўқув юртларига мақсадли қабул қилиш масаласини рағбатлантириш муҳим масаладир.

Ногирон болаларни зарур махсус адабиёт ва қўлланмалар билан таъминлашни ўз ичига оладиган инклюзив таълим тизимини янада ривожлантириш ва соҳа ўқитувчиларига имтиёзлар бериш, жисмоний имкониятлари чекланган (ногирон) талабаларнинг олий ўқув юртларида таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш, педагогик маълумотга эга, лекин бола тарбияси билан машғул бўлгани боис вақтинча ишламайдиган аёлларнинг оилавий мактабгача таълим тарбиячиси сифатидаги уй меҳнатини ташкил этишнинг қонуний асосларини яратиш бугунги куннинг талабидир.

Соғлиқни сақлаш соҳасида эса аҳоли, айниқса, олис қишлоқ ҳудудларида бирламчи тиббий ёрдамдан қулай ва тез фойдаланиш имкониятини таъминловчи қишлоқ врачлик пунктлари тармоғини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратамиз.

Бу йўналишда, шунингдек, имтиёзли ва бепул асосда малакали тиббий-санитария ёрдами кўрсатилиши, фармацевтика корхоналари ва дорихона муассасалари фаолияти ҳамда дори-дармон воситалари нархлари устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, дори воситалари рекламасини чеклаш масалаларини таклиф этмоқдамиз.

Шу билан бирга, асосий дори воситалари рўйхатидаги дори воситаларининг давлат тиббиёт муассасаларида мавжуд бўлиши ва айрим тоифадаги шахсларга дори воситаларининг имтиёзли берилишини таъминлаш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш ниҳоятда муҳим масаладир.

***
Навоий вилояти сайловчилари билан учрашув.

Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг суд меха¬низм¬лари оммабоплигини кенгайтириш ва мазкур масалаларда суд назоратини кучайтириш ҳисобига суд қарорлари ижроси сифатини ошириш, судларда ишларни кўриб чиқиш жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини кенг татбиқ этиш, фуқароларнинг судга мурожаат қилиши ва суд ҳужжатларини олишининг электрон тизимини жорий қилиш лозим.

Демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини шакллантиришда ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни тартибга солувчи қонунларни ишлаб чиқишда қонун нормаларининг бевосита таъсир этишига, яъни ҳаволаки нормаларсиз қабул қилинишига эришиш муҳим ҳисобланади.

Шу билан бирга, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги, шунингдек, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда катта қизиқишга сабаб бўладиган масалалар бўйича қарорларни қабул қилишдан аввал ушбу масалалар юзасидан жамоатчилик маслаҳатлашувларини ўтказишнинг мажбурийлигини белгилаш, жойлардаги доимий электорат манфаатларига алоқадор бўлган долзарб иқтисодий ва ижтимоий вазифаларнинг ҳал этилишига таъсир кўрсатиш масалаларида сиёсий партиялар ва уларнинг депутатлик бирлашмалари ҳуқуқ ва ваколатларини янада ошириш таклиф этилади.


Ўзбекистон Халқ демократик партияси тизимида фаолият юритаётган штаблар ўтказилаётган учрашувларни мунтазам таҳлил қилиш, аниқланаётган айрим камчилик ва муаммолар кечиктирмасдан бартараф этиш, ҳар томонлама пухта чора-тадбирларни амалга оширишда  муҳим аҳамият касб этаётир. Бу, ўз навбатида, партиянинг сайловдаги фаол ва муносиб иштирокини таъминлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ўзбекистон ХДПдан номзод – Хатамжон Кетмоновга овоз беринг!

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши
Матбуот хизмати

Реклама ҳуқуқи асосида.