Ҳозирда шахмат қироли тожи учун норвегиялик шахматчи, жаҳон чемпиони Магнус Карлсен ва россиялик Сергей Карякин ўртасида Нью-Йоркда ўтаётган учрашувда норвегиялик учун ноқулай вазият юз берди. 

Маълум қилинишича, Карлсеннинг менежери учрашув ташкилотчиларидан шахматчилар юришлар орасидаги танаффуслар вақтида дам оладиган  хонадан видеокамераларни олиб ташлашни илтимос қилган. Бу ҳақда "Спорт-экспресс" нашри хабар бермоқда. 

Гап шундаки, бу илтимос ижтимоий тармоқларда танаффус вақтида Карякин навбатдаги юриш устида бош қотираётган бир пайтда Карлсен дам олиш хонасидаги диванда узала тушиб ётгани тасвирланган фотосурат тарқагандан кейин билдирилган.

Карлсен менежерининг айтишича, норвегиялик шахматчи дам олиш хонасидан трансляция кетаётганини билмаган. Учрашув ташкилотчилари илтимосни инобатга олиб, бошқа бундай трансляцияларни олиб бормасликка ваъда бердилар.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда шахматчилар 5 та партия ўтказдилар ва уларнинг барчасини дуранг билан якунладилар. Айни вақтда умумий ҳисоб 2,5:2,5. Навбатдаги партия бугун, 18 ноябрда бўлиб ўтади.