Словения ҳукумати мамлакат конституциясини, сувдан фойдаланишга мамлакат фуқароларининг барчаси бирдек ҳақли эканига доир бандлар билан тузатиш киритди. Бу ҳақда Британиянинг The Guardian нашри ёзмоқда. 

«Сув захиралари давлат назоратидаги жамоат бойлигидир. Сув захиралари биринчи навбатда, шаҳарлар ва қишлоқлар аҳолисини узоқ вақт мобайнида ичимлик сув билан таъминлаш учун зарурдир. Шу маънода у бозор маҳсулоти бўла олмайди», —дейилади ҳужжатда. 

Парламентнинг 90 нафар аъзосидан 64 нафари маъқуллаган конституция моддасига кўра, «ҳар бир киши ичимлик сувига ҳақли». Қайд этилишича, тузатиш киритишга парламент аъзоларидан ҳеч ким қаршилик билдирмаган, Словения демократик партияси аъзолари эса бунга зарурат йўқ, деб ҳисоблашган. 

Шундай қилиб, Словения сув ҳуқуқини конституцияга киритган ЕИнинг илк давлати бўлди.