Россиянинг "Трансмашхолдинг" компанияси Тошкент метрополитени вагонлар таркибини модернизация қилишда иштирок этмоқчи. Бу ҳақда компания вакилига иқтибос келтирган ҳолда Sputnik нашри хабар берган

"Трансмашхолдинг" делегацияси ўзбек томони билан ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари бўйича музокаралар олиб бормоқда. Жумладан, россияликлар Тошкент метросида "Москва" деб номланган 765-сериядаги янги вагонлардан фойдаланишни таклиф қилишмоқчи.

"Биз Ўзбекистон билан кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрмиз. Тошкентдаги учрашувда ўзаро ҳамкорлик масалалари ва бизнинг 765-сериядаги инновацион вагонларни ҳозирда фаол ривожланаётган Тошкент метроси учун етказиб бериш имконияти муҳокама қилинди", деб айтди компания вакили. 

Янги вагонлар шинамлиги ва қулайлиги билан ажралиб туради. Уларда ҳаво айланиши, уни совитиш ҳамда ультрабинафша чироқлар ёрдамида зарарсизлантиришнинг замонавий тизимлари ўрнатилган ҳамда видеокузатув олиб борилади. Бу вагонлар айниқса тиғиз пайт жуда асқатади: унинг эшик дарчалари аввалги моделлардагидан 12 фоизга кенгроқ ишланган ва шунингдек вагонлардан вагонларга ўтиш имконияти мавжуд.

Бундан ташқари, вагонларда сенсорли ахборот мониторлари ўрнатилган. Метронинг интерфаол харитасида керакли станцияларни топиш, йўналишни белгилаб, унга кетадиган вақтни ҳисоблаб чиқиш мумкин.

Вагонларда тутқичларнинг 30 фоизга кўпайтирилганлиги ва улар "иссиқ" қоплама билан жиҳозланганлиги йўловчилар учун яна бир совға бўлади. 

Қайд этиш жоизки, бугунги кунда Тошкент метросида 198 та вагон бор. Вагонларнинг ўртача ёши 25 йилни ташкил қилади.