Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси Халқаро мусобақларга, жумладан, 2018 йилда Индонейзиянинг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги Параосиё ўйинларига муносиб тайёргарлик кўриш ҳамда вилоятларда селекция қилинган спортчиларни саралаш мақсадида жорий йилнинг 17-18 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Паралимпия ўйинларини ўтказди. 

Тошкент шаҳридаги Паралимпия марказида Республикамизнинг барча вилоятлари паралимпия спортчилари ўртасида дзюдо спорт тури бўйича мусобақада 100га яқин паралимпиячи (-60, -66, -73, -81, -90, -100, +100 вазн тоифасида ўғил болалар -48, -52, -56, -63, -70, +78 вазн тоифасида қиз болалар) совринли ўринлар учун куч синашишди.

Тошкент шаҳридаги Олимпия захиралари коллежида Республикамизнинг барча вилоятлари паралимпия спортчилари ўртасида енгил атлетиканинг югуриш (60м, 400м, 800м), узунликка сакраш, ядро ва найза отиш бўйича бўлиб ўтган мусобақада 60 нафар паралимпиячи совринли ўринлар учун куч синашишди.

Тошкент шаҳридаги Ихтисослаштирилган сув спортини ривожлантириш Республика марказида Ўзбекистоннинг барча вилоятлари паралимпия спортчилари ўртасида сузишнинг баттерфляй, чалқанча, эркин ва брасс сузиш турлари бўйича бўлиб ўтган мусобақада 20дан ортиқ паралимпиячи совринли ўринлар учун куч синашди.

Тадбир сўнгида Ассоциация томонидан ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирланишди.