Туркия Россия билан унинг узоқ ва ўрта масофаларга учувчи С-400 зенит-ракета тизимларини харид қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда, дея маълум қилган мудофа вазири Фикри Ишик. 

Аввалроқ, Туркия президенти матбуот котиби Иброҳим Калин, расмий Анқара ва Москва Туркиянинг миллий ракеталарга қарши мудофаа тизимини барпо этиш бўйича лойиҳасини муҳокама этаётганини билдирган эди. 

"РҚМ тизимлари борасидаги ишлар давом эттирилмоқда. Биз нафақат С-400 мажмуаларини харид қилиш бўйича Россия билан, балки шунга ўхшаш тўпламлари бор бошқа давлат билан ҳам музокаралар олиб бормоқдамиз. Ҳозирча, Россия бу масалага ижобий ёндашмоқда. Умид қиламизки, НАТО аъзолари ҳам бунга жиддий қарашади ва бизнинг тизим альянс талабларига мос келади. Аммо, биз Россиянинг таклифини ҳеч қачон рад этмаймиз, балки мақсадимиз бу мажмуаларни ўзимизда ишлаб чиқишдир", — деган Ишик NTV телеканалига берган интерьвюсида. 

С-400 — узоқ ва ўрта масофаларга уча оладиган зенит-ракета тизими бўлиб, 2007 йилда армия сафига қабул қилинган. Мажмуалар барча турдаги замонавий ва истиқболдаги ҳаво-космик ҳужумини қайтаришга мўлжалланган.