Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Самарқандда Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчиси Шавкат Мирзиёев билан учрашуви вақтида уни Туркияга таклиф этди. 

«Биз сизнинг ташрифингиздан мамнун бўлар эдик. Бу биз учун муҳим аҳамиятга эга бўлади», дея Эрдўғаннинг сўзларини келтирган Anadolu агентлиги. 

Туркия президенти барча соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини қайд этиб ўтган. 

Эрдўған Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан ўзбек халқига ҳамдардлик билдирган. 

«Ўша вақтда мен Хитойда иш бошлаган G20 саммитида эдим ва шу сабаб дафн маросимига кела олмадим. Дафн маросимида мамлакатимиз номидан Бош вазир ёрдамчиси Туғрул Туркеш иштирок этди. Бугун мен марҳум Ислом Каримов қабрини зиёрат қилдим. Яна бир карра Ислом Каримовни Аллоҳ раҳматига олишини сўрайман ва ўзбек халқига ўз таъзиямни билдириб қоламан», деган туркияликлар етакчиси.

У октябрь ойида Туркия ТИВ раҳбарининг Тошкентга ташрифи вақтида икки томон ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган «йўл харитаси» ишлаб чиқилиши юзасидан муҳокамалар ўтказилганини қайд этиб ўтган. 

«Шу масала юзасидан Ўзбекистон томони таклифини кутиб қоламиз. Умид қиламизки, қисқа вақт ичида томонлар келишувга эришади», - дея қайд этган Эрдўған. 

Туркия раҳбари Ўзбекистоннинг миллий тарихи ва анъаналарини эътироф эта туриб, бу давлатнинг иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан янада юксалишига ишонч билдириб ўтди.
 
Эрдўған 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёевга омад тилаб, унинг номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.