Туркияда давлат тўнтарувига уриниш иши бўйича ҳибсга олинганлар сақланадиган турмаларда зенит қуроллари ўрнатилган, деб маълум қилди Anadolu ахборот агентлиги. 

Зенит қуроллари Анқарадаги Синжан, Измирдаги Шакран ва Истанбулдаги Силиври турмаларида Туркия адлия вазирлиги кўрсатмаси билан пайдо бўлди. Вазирлик ҳибсга олинган исёнчилар сақланадиган турмалар қўриқланишини кучайтиришга кўрсатма берган. Шунингдек, Туркия ҳуқуқ-тартибот муассасалари томонидан фитначилар исён кўтармоқчи ва қочмоқчи эканлиги ҳақида ахборот олгандан кейин турмалар ходимлари сони оширилган.

16 июлга ўтар кечаси Туркияда бир гуруҳ фитначилар давлат тўнтарувига уринишни амалга оширган. Тўнтарув вақтида 240 дан кўпроқ киши ҳалок бўлган, 2 мингдан кўпроқ одам жароҳат олган. Исён бостирилган.

Туркияда исёндан кейин 32 мингга яқин киши ҳибсга олинган ҳамда 70 мингдан кўпроқ давлат хизматчилари ўз ишидан бўшатилган ёки четлатилган.