2016 йилнинг 18 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги “WYNDHAM” меҳмонхонасида “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон иқтисодиётида аёллар тадбиркорлигининг ўрни ва ривожланиш истиқболлари” мавзусида конференция ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Конференция Ўзбекистон Республикасида аёллар тадбиркорлигининг ҳуқуқий асослари, соҳада аёллар учун яратилган имкониятлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари, аёллар тадбиркорлигини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш ҳамда ушбу соҳадаги халқаро тажрибани ўрганиш мақсадида ташкил этилди.

Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, тегишли вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, мамлакатимизда фаолият юритаётган тадбиркор аёллар, Ўзбекистонда аккредитация қилинган дипломатик ҳамда халқаро ташкилотлар ваколатхоналари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда кичик бизнес субъектларининг 
120 000 дан зиёдини, хусусан фермер хўжаликларининг 4 минг 550 дан ортиғини хотин-қизлар бошқармоқда.

Сўзга чиққан сенаторлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари ҳозирги кунда иқтисодиётда банд бўлган хотин-қизларимизнинг улуши 45 фоизга етганини ҳамда улар орасида аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда ибрат кўрсатиб, давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган аёлларнинг сафи тобора кенгайиб бораётганлигини, минглаб аёлларимиз тадбиркорлик соҳасининг турли йўналишларида ишлаб чиқариш корхоналарини очиб, хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратаётганлигини қайд этиб ўтдилар.

Конференция иштирокчилари томонидан мамлакатимизда аёллар тадбиркорлигини янада ривожлантиришга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Муҳокама якунлари бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.