Американинг Невада штатида беморни олиб кетаётган санитар-транспорт самолёти ҳалокатга учрагани сабабли бир неча киши ҳаётдан кўз юмди, деб хабар қилмоқда Fox13 телеканали.

Хабарларга кўра, воқеа Элко округида юз берган. Elko Daily Free Press нашрининг ёзишича, Piper PA 31 русумли тиббиёт самолёти юрак хуружига учраган беморни қўшни Юта штатига олиб кетаётган бўлган. Самолёт ҳавога кўтарилиши билан маҳаллий аэропорт яқинидаги автомобиль тўхташ жойига қулаган. Бир нечта автомобиль зарарлангани айтилмоқда. 

Маҳаллий ҳокимиятнинг хабар қилишича, самолёт бортидаги тўрт киши, икки экипаж аъзоси, бемор ва ҳамшира ҳалок бўлган. Тергов ишлари олиб борилмоқда.