Дунёда биринчи бўлиб инсонга сунъий юракни кўчириб ўтказиш операциясини амалга оширган кардиожарроҳ Дентон Кули 96 ёшида АҚШда вафот этди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда. Жарроҳ 18 ноябрда Хьюстондаги уйида 4 қизи қуршовида ҳаётдан кўз юмди.

Кули 1920 йил 22 августда Хьюстонда туғилган. 1941 йилда Остиндаги Техас университетини зоология ихтисослиги бўйича тамомлаган. У кейинчалик тиббий маълумот олган, Жонс Хопкинс университетининг тиббиёт мактабида жарроҳлик амалиёти ва интернатурадан ўтган. 

Марҳум 1962 йилда Техас кардиология институтига асос солган, 1969 йилда эса 47 ёшли Хаскелл Карпга сунъий юрак кўчириб ўтказган. Сунъий юрак Карпнинг ҳаётини 65 соат давомида ушлаб турган, сўнгра унга донорлик юраги ўтказилган. Эркак шундан кейин бир кундан кўпроқ яшай олган.

Маълумотларга кўра, Кули ўз фаолияти давомида 100 мингга яқин кишига жарроҳлик қилган. У шунингдек кардиожарроҳликда қўлланадиган кўплаб методикаларнинг муаллифи саналади. Кардиожарроҳ улкан хизматлари учун АҚШдаги энг олий фуқаролик мукофоти – президентнинг Озодлик медали билан тақдирланган.