Эквадор футбол федерациясининг собиқ раҳбари Луис Чирибога ФИФАдаги коррупция иши бўйича айбдор деб топилиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Эквадор прокуратураси баёнотига иқтибос келтирган ҳолда "Франс Пресс" ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Чирибога Эквадор футбол федерациясида пул ювишда айбдор деб топилган. Маълум қилинишича, у 1998 йилдан 2016 йилгача "ўзининг лавозимидан фойдаланиб, федерацияга келаётган пулларни яширган".

Шунингдек, федерациянинг ғазначиси Уго Мора ҳам 10 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилинган. Федерациянинг собиқ ҳисобчиси Перо Верага жиноятда иштирок этгани учун 3 йилу 4 ойлик қамоқ жазоси тайинланган. 

2015 йил январда Чирибога ўз лавозимига 4-муддатга қайта сайланганди. Ўтган йил декабрида мамлакат ҳукумати ФИФАдаги ноқонуний фирибгарликларга алоқадорлиги сабабли уни ҳибсга олишга ордер берган. Шундан кейин Чирибога Эквадор полициясига кўнгилли равишда таслим бўлган. 2016 йил март ойида Чирибога ўз лавозимини тарк этган.

Манба: tribuna.uz