Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси Аргентина футбол федерациясининг миллий терма жамоа қўриқлаш хизмати ходимлари олдидаги қарзини тўлаб берди. Ҳозирда федерация дуч келган молиявий муаммолар сабабли қўриқчилар 6 ой давомида маош олмай келганлар ва шу сабабли шахсан Мессига мурожаат қилишга қарор қилишган, деб хабар бермоқда Tribuna.Uz сайти.

Журналист Хуан Пало Варскининг айтишича, ҳужумчи Бразилияга қарши учрашув ўтказилишини Белу-Оризонтида кутаётганда унинг ёнига қўриқлаш хизматидан бир неча киши келиб, "Лео сен билан гаплашиб олишимиз керак. Бизга 5-6 ойдан бери маош беришмаяпти. Сен жамоа сардорисан ва шунинг учун сендан ёрдам беришингни сўраймиз", деб айтишган.

Шундан кейин Месси отасига қўнғироқ қилиб вазиятни тушунтирган. Шундан кейин футболчининг отаси бу муаммони ҳал қилиш учун футболчининг шахсий маблағларидан пул ўтказиб берган.