Кремль пули журналистлари Перуда бўлиб ўтаётган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (ОТИҲ) саммитининг бир нечта тадбирларини уларни олиб кетаётган Ил-96300 самолёти йўлда бузилиб қолгани сабабли ўтказиб юборадилар. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда

"Россия" махсус парвоз отряди самолёти ёқилғи қуйиш учун Лиссабонда қўнган. Шундан кейин самолёт бортида носозлик аниқланган. Самолёт сардори Москвадан зарур бўлган эҳтиёт қисмлар етказилиб, самолёт соз ҳолатга келтирилгандан кейингина парвоз давом эттирилишини маълум қилган. 

Ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Россия делегацияси Перу пойтахти Лимага 19 ноябрь Москва вақти билан 18:00 дан кейин учиб кетади. Таъкидланишича, манзилгача парвоз 11 соатни ташкил қилади.     

Аввалроқ худди шу самолётни Швейцарияда учта қирувчи самолёт тақиб қилган. Ҳарбий самолётлар шунчалик яқин келишганки, нафақат улардаги байроқ, борт рақамини, балки учувчининг юзини ҳам фарқлаш мумкин бўлган. Қирувчи самолётлардан бирининг учувчиси уни суратга олишаётганини пайқаб, ҳаттоки қўлини силкитиб қўйган.

Қирувчи самолётлар Россия делегацияси самолётини Швейцария ҳаво ҳудуди доирасида бир неча дақиқа давомида кузатиб борган. Самолёт экипажи сардори журналистларга ушбу йўналишда бундай кузатувлар олиб бориш оддий ҳол эканини ва қирувчи самолётлар жуда яқин келгани билан ҳеч қандай хавф туғдирмаганини айтган.