Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Президент сайлови халқаро ҳамжамиятнинг жиддий эътиборини тортмоқда. Ушбу сиёсий тадбир муносабати билан хорижий давлатларнинг атоқли вакиллари мамлакатимизнинг турли соҳаларда, жумладан, сайлов тизимини такомиллаштириш борасида эришган муваффақиятлари ҳақида ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашмоқдалар.

Экхард Приллер, Матсенатнинг фуқаролик жамиятини ўрганиш институти директори (Германия):

- Мен мамлакатингизда бўлиб ўтган президент ва парламент сайловларида халқаро кузатувчи бўлиб бир неча бор қатнашганман. Улардаги иштироким давомида тўплаган тажрибамдан келиб чиқиб, шуни ишонч билан айтишим мумкинки, Ўзбекистон сайлов тизими замонавий халқаро андозаларга тўла мос келади. Бу мамлакат раҳбарияти томонидан ҳуқуқий демократик давлатни барпо этиш борасида изчил олиб борилган сиёсатнинг натижасидир.

Ўзбекистонда декабр ойида бўлиб ўтадиган Президент сайлови жараёнларини кузатишим менга бугун мамлакатда сиёсий партияларнинг фаоллиги янада ёрқин намоён бўлмоқда, дейиш имконини беради. Бунга барча сиёсий партиялар номзодларининг сайловчилар билан яқиндан суҳбат қураётгани билан ажралиб турган жонли сайловолди кампанияси мисол бўла олади. Шу билан бирга, сайлов жараёнларида демократияни ва тенглик тамойилларини таъминлаш мақсадида уларга бир хил имкониятлар берилган. Ўзбекистоннинг бу тажрибаси дунёнинг кўплаб мамлакатлари учун намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Шубҳасиз, бўлиб ўтадиган сайлов аҳолининг фуқаролик фаоллигини яна бир бор намойиш этади. Мен ҳам мамлакатингиз халқининг кўпчилиги Ўзбекистонда ислоҳотлар, тинчлик, барқарорлик ва ривожланишнинг давом этиши учун овоз беришларига ишонаман.

Димитриос Баколас, Эуропеан Профилес С.А. компанияси президенти, “Гретсия-Ўзбекистон” дўстлик жамияти раиси:

- Ўзбекистон демократиянинг олий андозаларига интилган ҳолда ўз сиёсий тизимини такомиллаштиришда давом этмоқда.

Компаниямиз кўп йиллар давомида Ўзбекистон билан Европа Иттифоқининг турли дастур ва лойиҳаларида ҳамкорлик қилиб келмоқда. Мен мамлакатингиз барқарор демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишда барча илғор халқаро меъёрларга амал қилган ҳолда ривожланаётгани ва замон билан ҳамқадам бораётганининг гувоҳи бўлдим. Дунёнинг кўплаб давлатлари иқтисодий инқироз таъсирини бошидан ўтказаётган бир даврда Ўзбекистонда иқтисодиётнинг ўсиш суръатини кузатиш мумкин.

Мамлакатингизда илгари ўтказилган сайлов кампаниялари давомида тўпланган тажрибани инобатга олиб, мен Президент сайловининг очиқлик, адолат ва шаффофлик тамойилларига мувофиқ ҳолда ўтказилишига ҳамда бу Ўзбекистоннинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожланиши йўлида муҳим қадам бўлишига ишонаман.

Гунарс Кутрис, Латвия Сейми котибининг ўринбосари, парламент кенгаши аъзоси:

- Ўзбекистонга худди аввалгисидек муҳим сиёсий воқеа - Президент сайловида қатнашиш учун яна бориш мен учун шарафлидир. Зеро, мамлакатингиз юксак марраларга эришиш учун бораётган йўл бўлиб ўтадиган сайлов якунларига боғлиқ.

Мустақиллик йилларида эришилган барқарорлик ва юқори ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар мамлакатда фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилган демократик ислоҳотлар натижаларининг ёрқин кўриниши бўлди.

Давлат бошқарувини янада демократлаштириш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлашда конституциявий меъёрларни мустаҳкамлаш, сайлов тизими ва фуқаролик институтларининг ривожланиши масалалари борасидаги Ўзбекистоннинг тажрибаси мени ўзига жалб этади.

Ли Жи Ён хоним, Хангук чет тиллар университети “Марказий Осиё” кафедрасининг мудири (Корея Республикаси):

- Бўлиб ўтадиган Президент сайловини, энг аввало, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш сари навбатдаги одим сифатида кўриб чиқиш керак. Бу сиёсий тадбир мустақил Ўзбекистон тарихида янги даврни бошлаб беради.

Мен аминманки, сайловда ким ғолиб бўлишидан қатъи назар, у халқининг фаровонлиги ва мамлакатининг ривожланиши учун ўз ваколати доирасидаги барча имкониятларни ишга солади.

Шунингдек, мен мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига ишонаман.

Эко Шри Маргианти, Гунадарма университети ректори (Индонезия):

- Бўлиб ўтадиган сайловлар мамлакатингизда ҳуқуқ ва сайлов соҳасини такомиллаштириш сари яна бир муҳим қадам бўлади.

Ўзбекистонда овоз беришда фуқароларнинг эркин ва фаол иштирок этишларини кафолатлайдиган сайлов тизимини босқичма-босқич такомиллаштиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Мен Ўзбекистон сайлов тизимининг мавжуд конституциявий асослари бўлиб ўтадиган Президент сайловини умумқабул қилинган халқаро меъёрлар ва андозаларга тўла мос тарзда ўтказилишини кафолатлашига қатъий ишонаман. Бу, ўз навбатида, илғор ривожланадиган демократик давлатни барпо этишга кўмаклашади.

Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги дўстона муносабатларнинг юқори суръатда тараққий этиб бораётганини алоҳида қайд этишни истардим. Кўплаб соҳаларда икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Мен илм-фан ва таълим йўналишидаги алоқаларнинг янада мустаҳкамланиши халқларимиз манфаатларига хизмат қилади, деб ҳисоблайман.

Санжай Кумар Пандей, Жавоҳарлал Неру номли университетнинг Россия ва Марказий Осиёни тадқиқ қилиш маркази директори, профессор (Ҳиндистон):

- Президент сайлови - ҳар бир ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятининг муҳим белгиси бўлиб, фуқароларга мамлакат сиёсий ҳаётида, давлат ҳокимияти органларининг шаклланишида тўғридан-тўғри қатнашиш имконини беради.

Ўзбекистонда мустақиллик йилларида демократик принциплар ва умумқабул қилинган халқаро андозаларга тўла жавоб берадиган сайлов тизими яратилганини қайд этиш зарур. Мамлакатда ушбу жараёнларни тартибга солувчи қонунлар қабул қилинди.

Ишонаманки, 2016-йил 4-декабр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакат фуқаролари ўз конституциявий ҳуқуқларидан эркин фойдаланишларини кафолатлайдиган қонунийлик ва очиқлик асосида бўлиб ўтади.

Мамлакатда ва унинг ташқарисида сайловнинг юқори савияда ўтказилиши юзасидан фаол ишлар олиб борилмоқда, бу жараён ҳақида сайловчиларга оммавий ахборот воситалари орқали ахборот бериб боришга катта эътибор қаратилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон жуда кўп жиҳатдан Марказий Осиёнинг юраги ҳисобланади. Мамлакатдаги тинчлик ва барқарорлик бутун минтақанинг иқтисодий тараққиёти ва равнақига хизмат қилади.