Индонезия парламентида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Президент сайловига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Мазкур мамлакат парламенти депутатлари, эксперт доиралари ва ОАВ вакилларидан ташкил топган тадбир иштирокчиларига Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий тадбирга тайёрларликнинг умумқабул қилинган демократик тамойиллар асосида борётгани ҳақида маълумот берилди.

Улар шунингдек, мамлакат раҳбари лавозимига номзодларнинг сайловолди дастурлари билан ҳам танишдилар. Сайлов кампаниясининг ошкоралик ва очиқлик муҳитида амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилди. Жумладан, сайловга тайёргарлик ва уни ўтказиш бўйича барча тадбирларда, сайлов куни овоз бериш хоналарида ва ҳар бир сайлов участкасида овозларни ҳисоблаш жараёнида сиёсий партиялардан биттадан кузатувчи, ОАВ вакили, бошқа давлатлар ва халқаро тузилмалардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар.

Тадбир меҳмонлари мамлакатимиз сайлов органларининг юксак даражада масъулиятли эканлигини ёрқин намоён қилаётган сайловга тайёргарлик ишларини юқори баҳоладилар.

Индонезия парлементи Халқ вакиллари палатаси спикери ўринбосари Фадли Зонанинг фикрига кўра, ушбу муҳим тадбирга тайёргарлик халқаро меъёрлар ва миллий қонунчилик талабларига тўла мос равишда олиб борилмоқда.

- Бўлиб ўтадиган сайлов Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишларнинг давом этишига туртки бўлиши керак, - деди у. - Сайловлар барча фуқароларни мамлакатнинг порлоқ келажаги йўлида бирлаштиришга хизмат қилади.

2014 йилда мамлакатингизда бўлиб ўтган парламент сайловида халқаро кузатувчи сифатида қатнашган чоғимда мен кўпгина сайлов участкаларида бўлдим. Сайловчиларнинг катта қисми ушбу тадбирда иштирок этиши, уларнинг фаоллиги ҳамда бунга уйғун тарзда олиб борилаётган Марказий сайлов комиссиясининг фаолияти бўлиб ўтадиган сайлов ҳам юксак ташкилий даражада амалга оширилади, деган хулосага келишга имкон беради.

Ўзбекистонда аҳоли фаровонлигини янада ошириш, жамиятни демократлаштириш, иқтисодиётнинг барча соҳаларини модернизация қилиш, аҳоли турмуши шароитини узлуксиз ривожлантириш борасида босқичма-босқич амалга оширилаётган тадбирлар фуқароларнинг бўлиб ўтадиган сайловда фаол иштирок этишига хизмат қилади.