"Союз МС-03" коинот кемаси янги экипаж билан 20 ноябрда автоматик тартибда Халқаро коинот станциясига туташиши белгиланган.

"Станцияга яқинлашиш ва унга туташишни автоматик тартибда амалга ошириш режалаштирилган. Кема станцияга Роскосмос фазогири Олег Новицкий, НАСА фазогири Пегги Уитсон ва ЕКА фазогири Том Пескедан иборат янги экипажни етказиши керак", деб маълум қилинди Парвозларни бошқариш марказида (ПБМ).

ПБМ ходимларининг ҳисоб-китобларига кўра, кема станциянинг "Рассвет" тадқиқот модулига 20 ноябрда соат 3.02 да туташиши керак. Туташишнинг герметиклиги ва босимнинг бир хиллаштирилгани текширилгач, янги экипаж станция бортига ўтади.  

Эслатиб ўтамиз, кема 17 ноябрда "Союз-ФГ" ракета-ташувчиси ёрдамида фазога учирилган.