Миллий мусиқа саньатимиз ривожига ўзининг улкан ҳиссасини қўшган Ўзбекистон халқ Ҳофизи, “Дўстлик” ордени  соҳиби Исмоилжон Ваҳобов оламдан ўтди.

Исмоилжон Ваҳобов 1949 йил 19 январда Андижон вилоятининг Чинобод шаҳарчасида таваллуд топган. 1967 йилда Тошкент Давлат Консерваториясига ўқишга кириб, 1975 йилда y укаси Исроилжон билан биргаликда Юнус Ражабий номидаги мақомчилар ансамблида ишлай бошлади. У жўровозликда, мумтоз мақомлар, замонавий қўшиқлар, шарқ халқларининг ижро намуналарини куйлаб, Ўзбекистон радиоси фонотекаси учун магнит тасмаларга ёзиб қолдиришдек хайрли ишларни амалга оширди. 

Ўзбекистон халқ артисти, академик Юнус Ражабийдан миллий мумтоз мусиқа жанри ҳисобланмиш мақом сирларини ўрганди. Ҳофизлик услублари, анъанавий ижрочиликнинг сир-асрорларини, шунингдек, “Шашмақом”да чалинадиган доира усулларини мукаммал ўрганди. Шу боис, Исмоилжон қўлида доира жўрлигида энг мураккаб мақом шоҳобчаларини чалиб, ҳам куйлай оладиган “лаҳнпардоз муғанний” рутбасига эга бўлган моҳир, жўровоз ҳофиздир. У Исроилжон билан биргаликда санъатимизнинг буюк дарғалари, Фаттоҳхон Мамадалиев, Ориф ҳожи Алимахсумов, Фаҳриддин Содиқов, Коммуна Исмоилова, Турғун Алиматов каби устозлардан ўрнак олди ва улардан мумтоз наволаримизнинг сирини ўрганди.

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримовнинг фармонига мувофиқ 1999 йил 25 августда Исмоилжон Ваҳобовга “Ўзбекистон халқ Ҳофизи”, 2016 йилда эса Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан Дўстлик орденига сазовор бўлган эди. Марҳумни 19 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги «Болта мозори»га дафн этишди.

Тазия муносабати билан Kun.uz сайти барча ўзбекистонликлар номидан марҳумнинг оила аьзоларига ҳамдардлик билдиради.