Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги “Сибур Арена” мажмуасида бокс бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати (AIBA Youth World Boxing Championships) бошланди, деб ёзмоқда Olamsport.com нашри

17-18 ёшли боксчилар ўртасида ташкил этилаётган жаҳон чемпионатида дунёнинг 75 давлатидан 402 нафар чарм қўлқоп устаси 10та вазн тоифасида иштирок этмоқда. Улар орасида Ўзбекистон терма жамоаси ҳам тўлиқ таркибда юртимиз спорт шарафини ҳимоя қиляпти.

Эътиборлиси, жаҳон чемпионатининг илк куни рингга кўтарилган 5 нафар боксчимизнинг барчаси рақибларини катта устунлик билан мағлубиятга учратди.

52 кг вазнда қатнашаётган Отабек Холматов илк жангида қирғизистонлик Фатхиддин Ҳамроевдан 4:1 ҳисобида устун келди.

64 кг вазн тоифасида рингга кўтарилаётган ҳамюртимиз Беҳруз Раҳмонов илк жангида озарбайжонлик Бахтиёр Газибаевга ҳеч қандай имконият қолдирмади. Беш нафар ҳакамнинг барчаси бир овоздан 5:0 ҳисобида Беҳрузнинг ғалабасини таъминлашди.
69 кг вазндаги боксчимиз Улуғбек Собиров ҳам худди шу ҳисобда зафар қучди. У япониялик рақиби Зен Куроянагини мағлубиятга учратди.  

75 кг вазн тоифасида ўз имкониятини синовдан ўтказаётган Шоҳрузбек Рустамов ҳам жаҳон чемпионатидаги иштирокини ғалаба билан бошлади. У беларуслик Ягор Скамарохни 5:0 ҳисобида енгди.

81 кг вазндаги чарм қўлқоп устамиз Санжар Турсунов эса литвалик Виландас Валчиукасни 5:0 ҳисобида мағлуб этди.