Нидерландия ҳуқуқ-тартибот органлари Ҳаага шаҳрида «полиция зўравонлиги ва ҳукумат жабр-зулмига қарши» намойиш ўтказган Fight Repression гуруҳининг 166 нафар антифашистлари ва анархистларини қўлга олди.

RT France нашрининг полиция маълумотларига асосланиб хабар беришича, 200 нафарга яқин намойишчи Ҳаага шаҳри марказидаги майдонга чиққанди. Сайтда ёзилишича, улар «Антифашистлар ва анархистларга қарши репрессияни бас қилинг» шиори остида ҳаракатланишган.

Полиция вакилининг айтишича, шаҳар ҳукумати ўз юзларини бекитмаслиги шарти билан митинг ўтказишга рухсат берган эди. Лекин акция иштирокчиларининг аксари ушбу талабни бажармасдан, қора кўзойнаклар ҳамда капюшонлар (устки кийим ёқасига бириктириб тикиладиган қайтарма қалпоқ) орқали юзини яширгач, ҳуқуқ-тартибот органлари қоидабузарларни қўлга олишни бошлаган.

166 намойишчидан иборат гуруҳ майдонда қолишни афзал кўрган, у ерда улар халқ намойишлари ҳақидаги қонунни бузгани учун ҳибсга олинган ва сўроқ қилинган. Уларнинг ёнидан бўёқли баллончалар, пиротехника ва калтаклар топилган.