Миграция бўйича халқаро ташкилот (IOM) кейинги 1 ҳафтанинг ўзида 340 нафар муҳожир Ўрта Ер денгизидан сузиб ўтишга ҳаракат вақтида ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.

Brietbart нашрининг хабарига кўра, ноябрь ойида Ўрта Ер денгизидан сузиб ўтишга уриниш вақтида чўкиб кетганлар сони 546 кишини ташкил қилган. Таққослаш учун, 2015 йилнинг ўн биринчи ойида 141 киши, 2014 йил ноябрида эса 22 киши ҳалок бўлганди.

Шу тариқа, 2016 йилги кўрсаткичлар ўтган йиллардагидан бир неча баробар кўп бўлди.

Қайд этилишича, бу рақамлар ЕИ ва Туркия ўртасидаги келишув (Туркия қочқинларни ўз ҳудудида жойлаштириши бўйича) ишламаётганидан дарак беради.

Муҳожирлар бўйича халқаро ташкилот  Нигерия, Эритрея, Судан, Гамбия, Кот-д'Ивуар, Гвинея, Сомали ва Мали каби 8 давлатни муҳожирлар оқимининг асосий манбалари сифатида келтирган. 

Хабар қилинишича, бундай статистика кузатувчиларни ҳайрон қолдирган. Улар қочқинларнинг асосий қисми Яқин Шарқдаги урушдан қочиб келаётганлар бўлиб чиқишини тахмин қилишганди.

Ноябрь ойи бошида 240 нафар қочқин минган кемалар Ливия қирғоқлари яқинида ҳалокатга учраганди.