Ҳафтанинг марказий учрашуви сифатида кутилган Мадрид шаҳрининг «Реал» ва «Атлетико» жамоалари ўртасидаги дерби кутилмаган натижа билан якунланди. «Трибуна.uz» сайти бу ўйинни таҳлил қилди.

«Атлетико»ни чемпионатда юта олмаётганимизни эслатганингиз учун раҳмат. Бу сафар мазкур анъанага барҳам беришга тайёрмиз», деганди ўйиндан олдин мадридликлар бош мураббийи Зинедин Зидан.

У ҳақ бўлиб чиқди. «Висенте Кальдерон»даги сўнгги (Испания чемпионатида – аниқ сўнгги) Мадрид дербисида «Реал» рақибини том маънода тор-мор келтирди. Зидан Диего Симеонега Ла-Лигада ҳам уни мағлубиятга учрата олишини исботлай олди. 

Балки бу Зиданнинг мураббийлик фаолиятидаги энг яхши ўйинидир. Балки бу Диего Симеоненинг «Атлетико»даги эртаги аста-секин ниҳоясига етиб бораётганини исботлаб берган ўйиндир. Бир сўз билан айтганда «Реал» бу кеча ҳамшаҳарларидан ҳар жабҳада устун эканини кўрсата олди. 

Стефан Савичнинг биринчи бўлим ўрталарида ишлатган қўполлигини «Атлетико»нинг ҳақиқий бир тизимли ўйини дея оқлаш мумкин. Агар жарима майдони яқинида бўш ҳудудда рақиб футболчиси сени ортда қолдириб кетаётган бўлса, уни иккиланмасдан қоидани бузиб бўлсада тўхтатиб қолиш шарт. Диего Симеоненинг Мадрид клубида ёзган «ахлоқ қоидалари» китобида шундай қайд қилинган. Бу жамоа тизимининг бир қисми эди. Савич ўз жарима майдонидан етарлича узоқликда бу ишни амалга оширди. Бироқ бу кеча «Атлетико»нинг тизими ишлайдиган кун эмасди. Жарима тўпларидан фойдаланиш борасида турли латифаларнинг қаҳрамони бўлиб келаётган Криштиану Роналду бу сафар ҳам зарбани қойиллатиб тепа олгани йўқ. Аммо рикошет натижасида Облак бу сафар дарвозага киришни истаган тўп қаршисида ожиз қолди. Вазият бу кеча Криштиану кечаси эканини исботлаганди.

Яхшилаб эътибор бериб қарасангиз барчаси оддий кўринади. Биринчи гол рикошет натижасида, иккинчи гол бечора Савичнинг хатоси ва Роналдунинг ажойиб артистик маҳорати эвазига ишланган пенальти ҳосиласи. Учинчиси вабанкдан кейин маркази заифлашиб қолган мезбонларнинг қарши ҳужумда жазоланишидан сўнг юзага келди. Аслида Зиданнинг бу ўйин учун ишлаб чиққан тизими айнан керакли пайтда, керакли эпизодларда рақибни мағлуб этишдан иборат бўлганини исботлайди. Марказда Тони Крооснинг йўқотилиши натижасида «Реал» кўпроқ қанотлардан, узун паслар эвазига вазиятлар яратишга мажбур бўлди. Диего Симеоне келганидан буён «Атлетико»га муваффақият келтираётган мазкур услубни Зидан рақибнинг ўзига контр-тактика сифатида фойдаланди. Рақиб, рақибнинг услубида кутиб олинди. Рақиб рақибнинг услубида мағлуб этилди. Симеоне марказий ҳужумчисиз ва Роналду деб номланган кичик бир, қисқа муддатли тизим олдида мағлубиятга учради. Том маънода ютқазди.

Кроос, Рамос, Пепе, Мората, Бензема, Каземиро – асосий таркибда ўйнаши мумкин бўлган 6 нафар футболчисиз ҳам Зидан аниқ ўйинга танланган аниқ тактика билан кўзланган мақсадга ета олиш мумкинлигини кўрсатди. Начо марказий ҳимоячи сифатида фаолиятидаги энг яхши ўйинларидан бирини ўтказди. Соф таянч яримҳимоячисиз қолган жамоани ҳимоя ва яримҳимоя билан боғлашда Варан (хатоларга йўл қўйганига қарамай) ҳам ёмон таассурот қолдирмади. «Атлетико»да эса жамоа ўйинини ҳал қилиб бериши лозим бўлган футболчилар ўз ўйинини кўрсата олмади. Коке Роналду билан юзага келтирган жанжали билангина ёдда қолди. Антуан Гризманн эса жамоасининг иккита кетма-кет уюштирган ҳужумларини кўкка совуришдан бошқасини эплай олмагани — унинг жароҳатдан сўнг яхши спорт формасига кира олмаганини яққол кўрсатиб берди. Иккинчи гол киритилган вазиятдаёқ маълум бўлдики — бу кечадаги ўйин интригаси ўлганди.

Бу учрашув кўпроқ битта жамоанинг ғалабаси билан эмас, бошқа жамоанинг мағлубиятига ўхшади. Иккинчи бўлим бошида нималарнидир уринишга уринган мезбонлар қолган вақтларда «Реал»нинг тизимли ва жамоавий бўлиб, режа асосида, керакли эпизодлар эвазига ғалабани тортиб олишига гувоҳ сифатида қарааб туришга мажбур бўлишди холос. Зидан эса оптимал бўлмаган таркиб билан ҳам керакли вазиятда керакли кучни қўша олиши мумкинлигини исботлади. Иско ёки Васкесни «Реал»нинг асосий таркиб футболчилари деб бўлмайди. Бироқ бу кеча юқоридаги икки футболчи ҳам асосий таркибга йўқотишлар сабаб эмас, айнан ўзларининг муносибликлари учун тушгандек таассурот уйғота олди.

Учрашув ҳақида айтиш мумкин бўлган яна бир гап бу — Роналду. Европа чемпионлар лигаси ва Европа чемпионатидаги ғалабадан кейин Криштиану тақвим йилидаги яна бир муҳим – асосий рақибларидан бири устидан қозонилган (қозонилганда ҳам айнан Роналдунинг хет-трики эвазига) муносиб ғалабани ҳам қўшиб қўйди. Бу Криш учун фантастик тарзда кечган йил учун қўйилган яна бир қалин ундов белгиси бўлди!

Португалиялик футболчи атрофида қандай гап юрмасин, қандай муносабатлар билдирилмасин, ўйиндан кейин Зидан айтганидек Криштиану «Олтин тўп» соврини учун интригага батамом нуқта қўйди. Қалин нуқта.

У учинчи голни киритаркан, камера қаршисига яқин келиб, энди «Олтин тўп» олишимни шунақа томоша қилиб ўтирасиз», дегандек ишора билан бу мавзуга шундай якун ясади.