Жорий йилда Самарқанд шаҳрининг бир қатор ҳудудларида бир неча йиллардан буён тўхтаб қолган иссиқлик таъминоти қайта тикланди. Зарафшон нашрида ёзилишича, яна 570 хонадонга иссиқлик етказилиши режалаштирилган.

«Қиймати 600 миллион сўмлик замонавий 4та локал қозонхона қуриб битказилиши натижасида шаҳарнинг Сартепа, Суғдиёна, Марҳабо ҳудудлари ва Кимёгарлар шаҳарчасидаги 13та кўп қаватли уйларда жойлашган 570та хонадонга иссиқлик етиб боради», — дейилган хабарда.

Хабарда таъкидланишича, ушбу лойиҳа «Самарқанд шаҳрида 2016-2017 йилларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш дастури»га мувофиқ бажарилмоқда.

Замонавий қозонхоналарнинг ҳар бири 600 кВт қувватга эга бўлиб, олдингиларига қараганда энергия бир неча бараварга тежалиши билан ажралиб туради. Ускуналар «Чирчиқ теплодар сервис» масъулияти чекланган жамияти томонидан ўрнатиб берилмоқда.

«Барча қурилиш-монтаж ишлари шу йилнинг 15 ноябрига қадар тугатилиб, шу санадан бошлаб аҳолига иссиқлик таъминоти етказиш режалаштирилган. Бу эса нафақат қиш мавсумида аҳолига иссиқлик бўйича қулайлик яратади, балки табиий газ, айниқса, электр энергиясининг бир неча баравар тежалишига, ҳар йили учрайдиган электр узатиш, тақсимлаш ускуналарининг зўриқиши оқибатида юзага келадиган узилишларнинг олдини олади. Аҳоли коммунал соҳадаги барча хизматлардан муаммосиз баҳраманд бўлишига замин яратилади», – деган Самарқанд шаҳар ҳокимлиги бош мутахассиси Феруз Нажмиддинов.