WikiLeaks ташкилотининг маълум қилишича, АҚШ президенти Барак Обама Америка махфий хизматларининг собиқ ходими Эдвард Сноуденни афв этиш мумкин эмас дея ёлғон гапирган.

"Қачонки Обама Сноуденни афв этиш мумкин эмас деган бўлса, у алдаган. У ёлғон айтаётганини ҳам билиб турган", – дея ёзилган WikiLeaks ташкилотининг Twitter ижтимоий тармоғидаги саҳифасида. Унга Independent нашридаги мақола ҳаволаси илова қилинган. Бу мақолада Обаманинг "судга келмаган ва ўз фикрини баён этмаган кишини афв этиш мумкинмаслиги" ҳақидаги гаплари келтирилганди.

Эдвард Сноуден билан боғлиқ можаро 2013 йил июнида келиб чиққан эди. Ўшанда у АҚШ махсус хизматлари интернет ва мобил алоқа орқали бутун дунёдаги фойдаланувчиларни кузатиб боргани ҳақидаги махфий ахборотларни фош этган эди.

2013 йилнинг 1 август куни Россия ҳукумати АҚШ махсус хизматларининг собиқ ходимига бир йиллик муддатга вақтинчалик бошпана беришга қарор қилган эди. 2014 йил 7 август куни эса Эдвард Сноуден уч йил муддатга Россия Федерациясида истиқомат қилиш учун гувоҳномага эга бўлди.