Ҳаводан берилган кетма-кет зарбалардан кейин Шарқий Ҳалабдаги барча шифохоналарга зиён етган. Бу ҳақда Daily Sabah нашри хабар берди. 

Башар Асад ва унинг иттифоқдошлари бир неча ҳафталик танаффусдан кейин, сешанба кунидан бошлаб шаҳарнинг шарқий қисмига ҳаводан зарбалар бера бошлашди. Жума куни улар мухолифат позицияга қарши ер усти ҳужумларига ҳам старт беришди. 

Асад тарафдорлари Ҳалабдаги мухолифат кучларга қарши кампаниясини ишга туширганда Суриядаги давомли урушда тинч аҳоли жабр кўрмоқда. Якшанба кунги бомбардимон натижасида олти кишидан иборат оила ҳалок бўлган. Тиббий ходимларнинг сўзларига кўра, Сакҳурга тушган бомба таркибида газсимон хлор бўлган. Уришни кузатиб бораётган Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси бомбада газсимон хлорнинг борлигини тасдиқламаган. 

Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваториясининг уруш мониторингига кўра, шанба куни Шарқий Ҳалабда 48 нафар киши ҳалок бўлган, уларнинг камида 5 нафари болалар эканлиги таъкидланди. Бу сўнгги кунларда бомбардимон натижасида ҳалок бўлганлар сонини тахминан 180 кишига оширади. 

Манбага кўра, шанба куни ҳарбий самолётлар, артиллерия ва вертолётлар Шарқий Ҳалабни бомбардимон қилишда давом этган, ҳужум уюштирилган ҳудудлар орасида аҳоли зич жойлашган туманлар ҳам бўлган. Шу жумладан, Бўстон-ал-Баша туманида интенсив тўқнашувлар юз берган. 

"Бу ҳужумлар мухолифат билан бирга болалар, қариялар ва аёллар учун ҳаётий муҳим аҳамиятга эга бўлган тиббий муассасаларни ҳам йўқ қилди", - деб ёзган Ҳалаб соғлиқни сақлаш маъмурияти Reuters агентлигига. 

Ташқи ишлар вазири Валид ал-Муаллимнинг сўзларига кўра, шарқий ҳудудлардаги мухолифат кучлар ҳайдалиши биланоқ шаҳар "қайта тикланади".