Украинанинг собиқ президенти Виктор Янукович 2014 йил февралида Киевнинг бош майдони – "Майдан"даги воқеалар аввалдан режалаштирилганини маълум қилди, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги.

"Мен Украинадаги сиёсий инқирозни тартибга солиш ҳақидаги келишувни имзолаганимдан кейин биз қандай келишувни имзоламайлик, ҳокимиятни қўлга олиш ва давлат тўнтаруви аввалдан режалаштирилгани ва бундан қутулишнинг иложи йўқлигини англадим. Яъни бу воқеалар бизнинг ҳаракатлар натижасида бўлмаган", деб айтган Янукович америкалик режиссёр Оливер Стоуннинг "Украина олов ичида" деб номланган фильмида берган интервьюсида.

Фильм премьераси 21 ноябрда Россия телеканалларидан бирида бўлиб ўтди.

Януковичнинг фикрича, АҚШ вакиллари Украинадаги норозиликларни режалаштириш ва бошқаришда фаол иштирок этганлар.

"Биз Байден билан мунтазам мулоқот қилиб турганмиз, мен у билан телефонда суҳбатлашганман, бироқ гап шундаки, жаноб Байден бошқа нарса айтган, Украинада эса умуман бошқа нарса қилинган. АҚШнинг Украинадаги элчиси ўз идорасида "майдан" вакилларини мунтазам қабул қилган, биз буни жуда яхши билганмиз, биз буни кузатганмиз ва бизда АҚШ элчихонасида бу жараённи бошқариб турган штаб мавжуддек тасаввур пайдо бўлган", деб таъкидлаб ўтди Янукович.