Япониянинг “Mitsubishi Corporation” ва “Mitsubishi Hitachi Power Systems Ltd.” компаниялари (MHPS)  Ўзбекистоннинг Наманган вилоятида Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясини барпо этади. Бу ҳақда Uzdaily.uz сайти ёзмоқда

“Mitsubishi Corporation” компаниясининг қайд этишича, “Ўзбекэнерго” АЖ мазкур лойиҳани амалга оширишни Япониянинг мазкур соҳада фаолият юритувчи компанияларига ишониб топширган. Аммо шартноманинг қиймати ошкор этилмаган.

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида ҳар бирининг қуввати 450 МВт бўлган иккита буғ-газ мосламали умумий қуввати 900 МВтлик янги иссиқлик электр станцияси қурилади. Мазкур қурилиш ишлари 2020 йилда якунланади.

Лойиҳа доирасида “MHPS” компанияси буғ-газ мосламасининг асосий унсурларини етказиб беради. “Mitsubishi Corporation” компанияси Туркиянинг “Calik Enerji Sanayi ve Ticaret A.S.” компанияси билан ҳамкорликда қолган қисмларини етказиб беради, шунингдек, мосламаларнинг транспортда етказилиши, қурилиш ва монтаж ишлари ушбу компаниялар томонидан бажарилади. 

Мазкур лойиҳа “Япониянинг ривожланишга расмий кўмак” дастури ҳамда Ўзбекистон Ҳукуматининг маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.