19 ноябрда Абу-Дабида бўлиб ўтган аукционда "1" кўринишидаги автомобиль рақами 31 млн дирҳамга (8,45 млн доллар) сотилди. Ушбу рақамнинг бахтли эгаси маҳаллий тадбикор Абдулла Ал-Марий бўлди. 

2008 йилда Саид Ал-Хурий исмли тадбиркор Абу-Дабида "1" рақами учун 52,2 млн дирҳам (14,2 млн доллар) тўлаганди. Бу битим амирликда автомобиль рақами учун тўланган қиймат бўйича рекорд натижа бўлиб қолмоқда.

2016 йил октябрда дубайлик ҳинд тадбиркори Балвинтер Сахани Амирликнинг транспорт ва йўллар бошқармаси ўтказган аукционда "D5" рақами учун 8,9 млн доллар тўлаганди.

Gulf News нашри билан суҳбатда Абу-Дабидаги "энг биринчи рақам" эгаси бўлган 32 ёшли Абдулла Ал-Марий у бундай аукционларга тез-тез ташриф буюриб туришини ва бу эксклюзив лот учун исталган қийматдаги пулни тўлашга тайёр бўлганини айтган.

Emirates Auction раиси Абдулла Ал-Маннай бўлиб ўтган аукционда автомобиль рақамлари сотилишидан тушган фойда кутилгандан ортиқ бўлганини ва 99 млн дирҳамни (26,9 млн доллар) ташкил қилганини маълум қилди. Аукционда шунингдек "7" рақами 13,4 млн дирҳамга (3,6 млн доллар), "50" рақами эса 6,8 млн дирҳамга (1,85 млн доллар) сотилган. Бу рақамлар ҳам маҳаллий тадбиркорларга насиб қилган.