Япониянинг Dentsu реклама агентлиги ходимларидан бирининг ўз жонига қасд қилиши туфайли компания 1951 йилда ўрнатилган тамойилларини қайта кўриб чиқишга қарор қилди. Улардан бири ҳаттоки ўлгунча ишлашни кўзда тутади. Bloomberg шу ҳақида хабар берди

Гап 1951 йилда Dentsu компаниясининг тўртинчи президенти томонидан ёзиб кетилган 10 иш тамойили ҳақида бормоқда. Шу тамойиллар узоқ йиллар мобайнида барча ходимлар учун асосий қоида бўлиб келган.  

10 тамойилдан бири ҳаттоки сўнгги нафасга қадар ишлашни кўзда тутади. "Ишга киришдингизми, уни ташламанг. Ҳаттоки сизни ўлдираётган бўлишса ҳам, мақсадга эришмагунча тўхтаманг", - маҳаллий нашрлардан бири ҳисобланган The Asahi Shimbun ушбу тамойил таржимасини шу тарзда ҳавола этган. 

Компаниядан маълум қилишларича, 2016 йилнинг декабрь ойида Dentsu ўз тамойилларини қайта кўриб чиқади. 

Ноябрь ойи бошида компанияга нисбатан тергов иши қўзғатилган. Бунга 2015 йилда 24 ёшли ходим Мацури Такахасининг ҳаддан зиёд ишдан чарчаганлиги туфайли ўз жонига қасд қилиши сабаб бўлган. Тергов давомида маълум бўлишича, қиз баъзан бир ойда 105 соатгача режадан ташқари ишлашига тўғри келган. 

Dentsu'да ички текширувлар ўтказилмоқда. 2016 йилнинг ноябридан компания қонунчилик томонидан белгиланган иш соатларини расман камайтирди.