Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг баёнот беришича, унинг мамлакати террорчиларнинг Европага ўтишида девор вазифасини ўтамоқда ва айни вақтда террорчиликка қарши курашда НАТО ёрдамига муҳтождир. 

"Туркия террорчилик ташкилотлари ва дунёнинг қолган қисми, хусусан Европа ўртасидаги ўзига хос девордир. Агар террорчиликка қарши кураш муваффақиятсиз якунланиб, ушбу девор барбод бўлар экан, террорчилар оқими бутун дунёни аланга ва қон гирдобида қолдиради. Биз ушбу деворни заифлаштириш эмас, мустаҳкамлашга чақирамиз. Туркияга кўрсатилган ёрдам, ушбу кўмакни тақдим этган давлат хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшади" — деган Эрдўған НАТОнинг Истанбулда бўлиб ўтаётган 62-парламент сессиясида қилган маърузасида. Унинг сўзларидан Anadolu агентлиги иқтибос келтирган. 

Давлат раҳбарининг қайд этишича, Туркия террорчиликка қарши курашда янада кучлироқ ёрдамларга муҳтож. "Террорчилик ташкилотлари фаолиятига икки хил ёндашувда бўлаётган мамлакатлар, эртами-кечми, бу сиёсатларининг оқибати билан ўз ҳудудида тўқнаш келади. Шунга кўра, ўз тарихининг турли босқичларида террорчиликка қарши курашишга мажбур бўлган Туркия маслаҳатларини жиддий қабул қилишга чақираман" — деб таъкидлаган Эрдўған.