Ҳиндистон ҳарбийлари маҳаллий ҳарбий мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган Prithvi-II баллистик ракета синовини муваффақиятли ўтказди, деб хабар қилмоқда PTI агентлиги. 

Ракетанинг биринчи парвози маҳаллий вақт билан 09:35да Орисса штатидаги Чандипур полигонида амалга оширилган. Орадан бир неча дақиқа ўтгач, иккинчи ракета учирилган. 

Таъкидланишича, жорий йилда Prithvi лойиҳасидаги ракеталар учинчи маротаба ҳавога кўтарилмоқда. Февраль ва май ойларида ҳам синов парвозлари амалга оширилган эди. 

Prithvi-II ракетаси "ер-ер" таснифидаги қурилма бўлиб, 500 кгдан 1 тоннагача бўлган ядро каллагини таший олади. Унинг парвоз масофаси 350 кмни, вазни 4,6 тоннани ташкил этади.