Ҳиндистон шимолидаги Уттар-Прадеш штатида 133 кишининг ўлимига сабаб бўлган тезюрар поезд ҳалокатига рельсдаги нуқсон сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

Times of India газетасида қайд этилишича, ушбу ҳалокат мамлакатда кейинги 6 йил ичида содир бўлган энг жиддий ҳодиса бўлди.

Нашр маълумотларига кўра, қутқарувчилар поезд харобалари остидан 133 кишининг жасадини чиқариб олган.

Экспертларнинг фикрича, ҳалокат ёзги ва қишки ҳарорат ўртасидаги фарқ натижасида рельсга шикаст етиши оқибатида рўй берган. Ҳалокат сабаблари ҳақидаги расмий эълонни кейинроқ махсус комиссия ўқиб эшиттиради.

Эслатиб ўтамиз, 20 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 03:00да Канпур шаҳридан 100 км масофада Пухрайан станцияси ҳудудида 2 минг кишини олиб кетаётган 23 вагондан иборат Индор—Патна тезюрар поезди ҳалокатга учради. Поезд ўрта тезликда ҳаракатланаётган бўлган, 14 вагон ағдарилган. Қайд этилишича, вагонларнинг аксари замонавий хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган ҳолатда эди.

Ҳиндистон йўл вазири Суреш Прабху бу ҳодиса бўйича синчковлик билан текширувлар олиб борилиши, айбдорлар топилиб жазоланиши ҳақида маълум қилган. У шунингдек, қурбонларнинг оилаларига 350 минг рупийдан (5,2 минг доллар) бир марталик мукофотлар, жароҳатланганларга эса 50 минг рупийдан (735 доллар) берилиши ҳақида билдирган. Шунингдек, ҳодиса рўй берган штат учун ҳам молиявий кўмак ажратилади.

Аҳолиси 1,2 млрд киши бўлган Ҳиндистонда темир йўл энг оммавий транспорт воситаси ҳисобланади ва ҳар куни мамлакатдаги темир йўллар 20 миллион нафарга яқин кишини ўз манзилига етказади.